Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадимги Қувадан топилган сиёҳдонларнинг сири нимада?
16:49 / 2025-10-10

Қадимшунослик топилмалари шунчаки ўтмишдан бир ёдгорлик эмас, балки улар йўқотилган тамаддунлар тарихининг номаълум саҳифаларига очилган дарча вазифасини ўтайди. Ўтган асрда қадимги Қува шаҳри ўрнида олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ўрта асрларга оид сиёҳдонлар ана шундай ноёб, ўз даври ҳақида катта маълумот берувчи топилмалар сирасига киради. Ушбу кичиккина буюмлар Фарғона водийсининг ўрта асрлардаги маданий ва илмий салоҳияти нақадар юксак бўлганидан далолат беради.

Қува харобаларидан аниқланган сиёҳдонлар ўзининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Тадқиқотлар уларнинг XII–XIII аср бошларига оид эканини кўрсатади ва улар сопол, шиша, тош ва ҳатто металлдан ясалганини тасдиқлайди. Бу эса ўша даврда нафақат пойтахт шаҳарларида, балки Фарғона каби ҳудудларда ҳам ҳунармандчилик юксак даражада ривожлангани, турли материалларга ишлов бериш технологиялари пухта ўзлаштирилганини англатади. Топилмалар орасида бир нечтаси ўзининг мукаммал ишлангани ва амалий ечими билан алоҳида эътиборни тортади.

Қадимшунос И.Аҳроровнинг ёзишича, топилмалардан бири оч сарғиш шишадан ясалган бўлиб, унинг сирти камалак рангларида товланувчи парда билан қопланган. Сиёҳдоннинг юқори қисмида айлана бўйлаб горизонтал чизиқ тортилган ва уста шиша ипини узмасдан, дарҳол тўлқинсимон нақш ясашга ўтган. Бундай техник мураккаблик ўша давр шишасозларининг юксак маҳоратидан далолат. Бундай сиёҳдонлар, эҳтимол, турли ранглардаги сиёҳлар учун мўлжалланган гипс тагликка ўрнатиб ишлатилган.

Иккинчи, янада мукаммалроқ сиёҳдон сополдан ишланган бўлиб, икки томони яшил-ҳаворанг сир билан қопланган. Унинг шакли икки томондан бир-бирига қаратиб қўйилган конусга ўхшайди ва кичик бўғиз қисми юқорига қараб кенгайиб борувчи ясси гардиш билан тугалланган. Сиёҳдоннинг энг эътиборли жиҳати унинг бир ёнига қаламдон маҳкамланганидадир. Бу эса унинг соҳиби ёзув қуролларини ўзи билан бирга олиб юрганини кўрсатади. Ушбу сиёҳдон белбоғга осиб юришга мўлжаллангани унинг нақадар амалий ва қулай бўлганини исботлайди. Кийимга тақилганда қаламдон тиқ ҳолатда, сиёҳдон эса ёнбошлаган ҳолда турган.

И.Аҳроровнингмаълумот беришича, бу топилманинг энг ҳайратланарли сири унинг ичида яширинган. Сиёҳдон ичидан сиёҳга бўялган бир тутам хом ипак толаси топилган. Ипак толаси сиёҳни ўзига шимиб олиб, унинг белбоғда олиб юрилганда тўкилиб кетишининг олдини олган. Бу ўрта асрлар ҳунармандларининг нафақат гўзаллик яратиш, балки мураккаб амалий ечимларни ҳам топа олганини кўрсатувчи ёрқин мисолдир. Бундай мураккаб тузилишга эга сиёҳдонларнинг мавжудлиги ўрта асрлар жамиятида саводхонлик, илм-фан ва ижод билан шуғулланувчилар қатлами кенг бўлганини тасдиқлайди. 

Шундай қилиб, қадимги Қувадан топилган сиёҳдонлар шунчаки рўзғор буюми эмас, балки ўз даврининг юксак маданияти, илмий тафаккури ва ҳунармандчилик салоҳиятининг ёрқин тимсолидир. Ушбу кичик ёдгорликлар бугунги кунда бизга аждодларимизнинг билимга интилиши ва ижодий руҳи нақадар кучли бўлганини эслатиб туради ва Ўзбекистон замини азалдан илм-маърифат марказларидан бири бўлиб келганини яна бир бор исботлайди.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади,

ЎзА