Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадим воҳанинг замонавий ҳаво дарвозаси
15:25 / 2025-05-12

Президент ташрифидан сўнг

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадида 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганч халқаро аэропорти аҳоли ва меҳмонлар талабига тўла жавоб бермаётганлигини таъкидлаб, аэропортни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича вазифаларни белгилаб берганди.  

Хўш, Хоразмда нега бу соҳани ислоҳ қилишга бунчалик эътибор қаратилмоқда?  

Аэропортлар ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш ҳам алоҳида ҳудудларнинг, ҳам бутун мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади. Аэропортлар нафақат транспорт марказлари, балки шаҳарлар ва ҳудудларни боғлайдиган, халқаро бозорларга, сармоя ва технологияларга чиқиш имконини берувчи стратегик ўсиш марказларидир. Хоразмда айнан мана шу стратегик мақсадлар кўзланган.

Айтиш керакки, Урганч аэропорти 1932 йилда қурилган. Афсуски, ўнлаб йиллар давомида ҳаво дарвозаси тараққиётдан кўра кўпроқ турғунлик тимсолига айланди. Эскирган инфратузилма умидсизлик ва ноқулайликкина эмас, бутун минтақа ривожига чин маънода тўсиққа айланиб қолганди. Тўғри, унинг фаолияти давом этди. Ҳатто 1999 йилда аэропортга халқаро мақом ҳам берилди. Бироқ бу вазиятнинг тубдан яхшиланишига асос бўлолмади. Эскирган учиш-қўниш йўлаклари, муддатини ўтаб бўлган ускуналар, паст имкониятлардаги техник чекланишлар – буларнинг барчаси хавфсиз шароит, барқарор ва мунтазам ҳаво қатновини таъминлай олмади. Парвозларни бекор қилиш, кечикишлар ва сифатсиз хизмат йўловчилар учун ҳам одатий ҳолга айланиб бораётганди.  

Айнан шунинг учун ҳам транспорт-коммуникация соҳасидаги ишларни комплекс қайта форматлаш  улкан иқтисодий ва туристик салоҳиятга эга минтақадаги вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадига қаратилди.

– 2024 йилнинг июль-август ойлари. Аэропортда узоқ муддатли фойдаланиш инобатга олинган учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирланди, – дейди Урганч халқаро аэропорти директори Ойбек Маткаримов. – Бутун 3000 метр узунлик бўйлаб қоплама алмаштирилди ва мустаҳкамланди. Қолаверса, иккинчи ва учинчи транспорт йўлакларининг юзасида ҳам капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Охирги марта Урганчдаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш ишлари бундан қарийб 30 йил аввал, яъни 1997 йилда амалга оширилганини ҳам таъкидлашни истардим. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида аэропорт “Боинг 787”, “Аэрбас А330” каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Турк ҳаво йўллари”, “Аэрофлот”, “Урал”, “Флай Хива”, “Силк Авиа”, “Центрум Эйир”, “Ред Вингс” ва “С7” авиакомпаниялари томонидан мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. Аммо бу ислоҳотлар авиация саноатини изчил ривожлантириш йўлидаги дастлабки қадамлар,холос.

Аэропорт инфратузилмасига йўналтирилган сармоя келажакка, яъни иқтисодиёт, аҳоли фаровонлиги ва мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборига сармоя эканини билган Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат аэропортларини хусусий бошқарувга ўтказиш чора-тадбирларини амалга оширишга киришди.  

– Бу йўналишдаги биринчи лойиҳа Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш ва давлат хусусий шерикчилик модели бўйича хусусий шерик бошқарувига ўтказилиши билан бошланди, – дейди “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти раиси Жавлонбек Умархўжаев. – Кейинчалик худди шундай тажриба Наманган ва Бухоро аэропортларида ҳам қўлланилди. “Урганч” халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги қарори билан бошланди ва айни пайтда “Ўзбекистон аэропортс” акциядорлик жамияти томонидан Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, Урганч халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендернинг барча босқичлари якунланди.  2024 йил 1 августда “Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш” лойиҳасини қуриш-бошқариш-топшириш модели бўйича амалга ошириш учун очиқ тендер эълон қилинди. Танлов жараёни икки босқичда бўлиб ўтди. Унда малака сўрови ва таклифлар сўрови талаб қилинди. Тендерда саккизта компания қатнашди ва улардан бештаси иккинчи якуний босқичга ўтди, шундан сўнг идоралараро тендер комиссияси ғолибни аниқлади. Жанубий Кореянинг Инчеон халқаро аэропорти ғолиб деб топилди.

Маълумотларга кўра, 2024 йил охирига келиб Инчеон аэропорти 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган.  

– Айнан Урганч халқаро аэропортининг келажакдаги ривожланиш имкониятини жуда ҳам юқори баҳолаймиз, – дейди “Incheon International Airport Corporation” компанияси президенти Ли Хак Же. –Ҳудудда маданий мерос объектлари, диққатга сазовор зиёратгоҳлар, асори- атиқалар кўп бўлгани боис, сайёҳлар оқимининг янада ортиши кузатиляпти. Ҳозирги кунда 700 мингга яқин йўловчи фойдаланаётган ҳаво дарвозаси йўловчилари сонини 2047 йилга бориб, лойиҳамиз амалга тўлиқ тадбиқ этилгандан сўнг, 3,5 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган. Мана шу жиҳатлар бизни Ўзбекистонга келишга ва очиқ тендерда иштирок этишга туртки бўлди. Аэропортда учиб кетиш ва учиб келиш терминаллари алоҳида- алоҳида экан. Бизнинг лойиҳамизда булар интеграция қилинади. Бу эса келиб-кетувчиларга 3 баробар кўпроқ қулайликни таъминлаб беради. Бундан ташқари, бу ерда юк терминали мавжуд эмас. Бундай ҳудуд ҳам жорий қилинади. Хоразм вилоятидан экспорт килинаётган маҳсулотларни хорижлик истеъмолчиларга ёки харидорларга тезроқ етказиб бериш имконияти яратилади.

Лойиҳани Урганчда амалга оширадиган жамоа Хоразм аэропортини йўловчилар учун энг замонавий ва қулай аэропортлардан бирига айлантириб, вилоятнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини ошириши кутилмоқда.  

– Таъкидлаш лозимки, давлат- хусусий шерикчилиги бу аэропортни модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни назарда тутади, – дейди Урганч халқаро аэропорти директори Ойбек Маткаримов. – Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ҳамда бошқариш, шу жумладан, ер устида хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлади. Давлат шериги аэродром мажмуасини, масалан, учиш-қўниш йўлаги, перрон кабиларни қуриш ва бошқариш учун жавобгарликни ўзида сақлаб қолади. Лойиҳа муддати 21 йил. Компания 115 миллион доллар сармоя киритади. Натижада назорат пунктидаги ўтказиш салоҳияти соатига 1,3 минг йўловчига, йилига 3,3 миллион йўловчига етказилади.

Замонавий аэропортнинг афзаллиги ундаги инфратузилма ишбилармонлик туризми, логистика ва экспортни ривожлантиришда бош ролни бажаради. Зотан, инвесторлар ва компаниялар учун минтақадаги жозибадорликни таъминловчи ресурс бу транспорт алоқалари қанчалик тез, қулай ва ишончли экани билан боғлиқдир. Масалан, тўғридан-тўғри авиақатновлар бизнес алоқаларини ўрнатиш, товар айирбошлашни жадаллаштириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кенг йўл очади.

– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аэропортларнинг модернизацияси, одамларнинг ҳаёт сифатига таъсир этадиган принципиал муҳим масаладир. Бу саёҳат, таълим учун янги имкониятлар дегани. Шунингдек, замонавий терминаллар, қулай хизматлар, парвозлардаги хавфсизлик ва мунтазамлик одамлар учун қулай ва осон саёҳат гаровидир, – дейди журналист Сарваржон Раҳимов. – Яна бир муҳим жиҳати, маҳаллий корхоналар учун асосий иш берувчилар ва мижозлар ҳам шу ерда. Уларнинг қурилиши, реконструкция қилиниши ва эксплуатацияси минглаб иш ўринларигина эмас, балки шу билан боғлиқ тармоқлар – қурилиш, техник хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишларни ривожлантиради.  

Урганч халқаро аэропорти хорижликларнинг Хоразм орқали мамлакатимизга киришининг бош эшикларидан ҳисобланади. Бу ердаги хизмат кўрсатиш даражаси, архитектураси, хавфсизлиги ва рақамлаштирилгани ҳар қандай кишида давлат ҳақидаги биринчи таассуротни шакллантиради. Замонавий аэропорт – бу миллатнинг юзи бўлиб, унинг юқори динамикаси, технологик тараққиёти ва дунёга очиқлигини акс эттиради.  Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминалларини қуриш, ИCАО стандартларига мувофиқ замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш, ихтисослаштирилган ускуналар харид қилиш кўзда тутилган. Қурилиш ва реконструкция ишлари 2025–2027 йилларда якунланиши режалаштирилган. Янгиланишдан сўнг аэропорт “Боинг 747” ва “Аэробус А350” каби йирик самолётларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Янги терминалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрни ташкил этади ва унинг назорат пунктидаги ўтказиш даражаси соатига 1300 йўловчига етказилади. Илгари бу кўрсаткич бор-йўғи 400 тани ташкил этган. Аэропорт йилига 1,2 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.  

Хуллас, тез орада “Урганч” халқаро аэропорти мамлакат авиация саноатини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим энг қулай ҳаво марказларидан биригина бўлиб қолмай, балки қадим Хоразмнинг туристик жозибадорлигини оширувчи замонавий ҳаво дарвозасига айланади.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари