21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали маърифий тадбир бўлиб ўтмоқда.
Тадбирга ёзувчи ва шоирлар, устозлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди. Сарой фойесида ўзбек тили, унинг асосларига доир адабиётлар, она тилимизнинг тарғиботини кучайтириш борасидаги инновацион аудио-визуал лойиҳалар намойишига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Тантанали тадбирда қайд этилганидек, қадим ва бой тарихимиз, аждодларнинг буюк меросидан сайқал топган она тилимиз ғоят бой, бетакрор, тенгсиз ва жозибалидир. Кейинги йиллар давомида она тилимизни асраб-авайлаш, унинг мавқеи ва мақомини тобора юксалтириш, бу йўналишдаги тарғибот ишларини кучайтириш, илмий-инновацион тадқиқотларни фаол қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар самарали фаолият олиб бормоқда. Тилимизни ўрганиш ва тарғиб этишга оид турли ўқув курслари, маърифий лойиҳалар, акциялар олиб борилмоқда.
[gallery-19908]
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида она тилимизни эъзозлаш борасидаги эзгу ишлар мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда ҳам ўзбек тилига бўлган эътибор ва қизиқишнинг тобора ортишида муҳим омил бўлмоқда.
Кейинги йилларда жаҳоннинг турли давлатларида улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий сиймоси акс эттирилган муҳташам ҳайкалларнинг бунёд этилаётгани, Ўзбек тилини ўрганиш марказларининг ташкил қилинаётгани она тилимизни халқаро миқёсда ўрганишга бўлган қизиқиш ва эътибордан дарак беради.
Тантанали тадбирда олимлар, ёзувчи ва шоирлар она тилимизни юксалтириш борасидаги амалий ташаббуслар, бу йўналишдаги келгусидаги долзарб вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Хорижлик талаба-ёшлар, турли миллат ва элат вакилларининг ўзбек тилида ўқиб берган шеърлари, Алишер Навоий ғазалларидан намуналар тадбирга ўзгача шукуҳ, файз бағишлади.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9w6Td9m8l14" title="Qadim va boy tariximiz, ajdodlarning buyuk merosidan sayqal topgan ona tilim!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА