Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадим Сурхон замонавий қиёфага кирмоқда
09:50 / 2026-02-26

.

Ташрифдан ташрифгача

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига кейинги йиллардаги ташрифи воҳага қут-барака, меҳнаткаш халқига куч-қувват, меҳр-шижоат, бепоён заминига файз, ерости ва ер усти бойликларига илҳомбахш изланиш улашмоқда. Юз бераётган янгиланишлар юртни янада обод қилиб, барча тармоқларни тубдан ўзгартираётир. Ташрифдан ташрифгача бўлган даврда содир бўлаётган янгиликлар ёшу кексанинг фахр-ифтихор туйғусини, чеҳрасида қувонч ва шукроналик ҳиссини кучайтирмоқда. 

[gallery-27860]

Президентимиз 2023 йил 16-17 ноябрдаги сафари чоғида вилоятда яроқсиз ҳолга келиб қолган автомобиль йўлида енгил машина бошқариб, янги тайинланган ҳокимга берган топшириқларию белгиланган бошқа вазифалар ҳамон давраларда ёдга олиниб, ҳудудларда қад ростлаётган янги ишлаб чиқариш қувватлари, кўп қаватли тураржой бинолари, воҳа йўлларида амалга оширилаётган йирик бунёдкорлик ишлари самимий гурунгларнинг бош мавзуига айлангани ҳам бунга яққол далилдир. Бу суҳбатларда “Дарбанд-Денов” йўналишидаги ўнқир-чўнқир бўлиб қолган 4Р105 автомагистралида бунёд этилаётган кенг, равон цемент-бетон қопламали замонавий йўл аждодлар орзусини рўёбга чиқараётгани ифтихор билан тилга олинади. “4Р105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён” ва “4Р100 Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобиль йўли ҳамда маҳаллаларнинг ички йўлларида бажарилаётган бунёдкорлик ишлари йўловчиларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилаётгани, янги ишлаб чиқариш қувватлари аҳоли бандлигини таъминлашда, янги тураржой бинолари одамларнинг уй масаласини ҳал этишда муҳим омил бўлаётгани хусусида фикр алмашилади.

Шу пайтгача борига қаноат, йўғига сабр қилиб яшаган воҳанинг мард, танти, фидойи одамлари вилоятда сўнгги йилларда юз бераётган янгиланишлардан фахр-ифтихор ҳиссини туяётганида чуқур маъно бор. Зеро, мустақилликнинг дастлабки чорак асрида юксалишга деярли юз тутмаган вилоят кейинги қисқа йилларда янги қиёфада бўй кўрсатди. Нафақат воҳа қиёфасини, балки одамлар ҳаётини ўзгартираётган бундай улуғ ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Президентимиз давлат раҳбари лавозимига киришган илк йилдан Сурхондарёга алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ҳар бир ташрифи чоғида аниқ мақсадга йўналтирилган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари қабул қилиниб, воҳанинг ерусти ва ерости бойликларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш йўлга қўйилаётир. Йўлларни реконструкция қилиш, хизматлар кўрсатишни юксалтириш, таълим-тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, уй-жойлар барпо этиш, аҳолининг бандлик масаласини ечиб, даромадини ошириш юзасидан муҳим топшириқлар берилмоқда. 

Бугун жанубда қурилаётган йирик саноат корхоналари, кўп қаватли кўркам уй-жой ва зарур замонавий инфратузилмага эга “Янги Ўзбекистон” массивлари, кенг, равон йўллар, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари, тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлар шунчаки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаётир. Буларнинг барчаси ижтимоий халқпарвар давлат қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва катта сармоя эвазига барпо этилмоқда. 

Президентимизнинг воҳага сўнгги ташрифи чоғида ҳам 118 банддан иборат муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Барча соҳа ва тармоқлар қамраб олинган бу топшириқлар негизида инсон қадрини улуғлашдек эзгу ғоя мужассам. Жумладан, вилоятда ерости сувлари чўкиб, шўрланиши йиллар давомида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни долзарб масалалардан бирига айлантирган эди. Давлатимиз раҳбари ғояси билан бу муаммонинг ечими топилиб, “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш лойиҳаси қурилиши бошланди. Ўтган ташриф чоғида мегалойиҳада қурилиш ишларини янада тезлаштириш, босқичма-босқич ишга тушириш, аҳолини минералларга бой ичимлик суви билан таъминлаш топшириғи берилгач, қисқа вақтда вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига “Тўпаланг” сув омборининг зилол суви етиб келди. 144 та маҳаллада яшайдиган аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан ўзгарди. Сифати оширилиб, қаттиқлик даражасини икки бараваргача камайтирди. Истеъмолчиларни марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси ўтган йил бошидаги 65,3 фоиздан 67,5 фоизга етди. Жорий йилда мегалойиҳа тўлиқ ишга тушгач, вилоятда 1 миллион 700 минг истеъмолчи минералларга бой сувдан баҳраманд бўла бошлайди. 

Ташриф чоғида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида қурилаётган минтақамизда муқобили йўқ “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасини тўлақонли ишга тушириш вазифаси ҳам топширилган эди. Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида фойдаланишга қабул қилинган савдо зонаси ўзбек-афғон халқларининг дўстлик кошонасига, турли давлатларнинг халқаро мулоқот майдони ва йирик савдо-сотиқ марказига айланди. Ўтган даврда Афғонистон орқали 900 мингга, Ўзбекистон тарафдан 500 мингга яқин хорижлик ва маҳаллий аҳоли эркин савдо зонасига кириб, халқаро марказ билан танишди, хизматларидан фойдаланди. Нуфузли халқаро анжуманларда иштирок этди. 

[gallery-27861]

Термиз туманида “Сурхон сендвич” масъулияти чекланган жамиятининг базальт ишлаб чиқариш лойиҳаси, Қумқўрғон туманида “Қумтех инвест” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик, Бандихон туманида “Бандихон агрокластер” масъулияти чекланган жамиятининг сунъий ва пахта толаси аралашмасидан ип-калава ишлаб чиқариш фабрикалари сингари янги-янги замонавий саноат корхоналари иш бошлади. Модернизация қилинган Шарғун, янги ўзлаштирилган Олтинсой кўмир конлари, “Хўжаикон” конида калий ўғити каби ерости бойликларидан самарали фойдаланиш жорий этилди. Чорак аср йўловчиларга хизмат кўрсатмай қолган Сариосиё аэропорти қайта тикланиб, мамлакатимиз пойтахтига парвозлар йўлга қўйилди. 

Туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қулай муҳит яратди. Соҳа юксалишга юз тутди. Биргина ўтган йили 2 миллион 800 минг ички ва 850 мингдан ортиқ хорижлик турист вилоятда бўлиб, муқаддас тарихий обидаларини зиёрат қилди. Археологик ёдгорликлар билан танишди. Тиббиёт, гастрономик, агро, экотуристик масканларида бўлди. Сангардак, Омонхона, Хўжаикон, Хўжаипок, Хўжамайхона каби сўлим гўшаларида ҳудудларнинг гўзал табиат манзараларидан баҳра олди. Туристик хизматлар экспорти 150 миллион долларга етди. 

Ўтган ташриф чоғида Термиз шаҳар аҳолиси азият чекиб келадиган “Афғон шамоли”, дея аталувчи чанг бўронлари таъсирини юмшатиш йўллари белгилаб берилгани ҳам сурхондарёликларнинг шукроналик туйғусини мустаҳкамламоқда. Шунга мувофиқ қўшни давлат чегарасининг шамол йўналиши бўйлаб “Яшил белбоғ” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилаётгани эътиборга сазовор бўлмоқда. Жорий йилнинг ўзида Ангор туманида танлаб олинган 220 гектар ер майдонида, Қорақир маҳалласида маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлининг икки томони бўйлаб, адирлик ҳудудидаги 100 гектар ерда иқлим ва тупроқ шароитларига мос мевали-манзарали дарахт кўчатлари экилиб, томчилатиб суғоришга мослашган янги ўрмонзор ташкил этилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бундай хайрли юмушлар теварак-атроф мусаффолигини сақлашга хизмат қилиб, ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Масалан, сунъий йўлдош мониторинглари ва очиқ манбалар таҳлилига кўра, сўнгги йилларда вилоят марказида ижобий экологик ўзгаришлар кузатилаётир. Шаҳар атрофида “яшил белбоғ”ларнинг яратилиши чангли бўронлар миқдорини сезиларли даражада камайтирмоқда. Воҳада 2010 йил шамол тезлиги 15 метр/секунд ва ундан юқори бўлган кунлар 42, 2020 йил 45 кунни ташкил этган бўлса, ўтган йил бу кўрсаткич 28 кунгача камайгани қайд этилди. Ахир, бундай ўзгаришлардан севинмай, янгиланишларга шукрона айтмай бўладими?

Ўтган икки йилдан ортиқ даврда қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, тиббиёт, илм-фан, таълим ва бошқа соҳалар ҳам янги босқичда юксалиш одимларини ташлади. Биргина ўтган йил соғлиқни сақлаш тизимида 75 та бирламчи тиббиёт муассасаси қайта таъмирланиб, 121 та оилавий поликлиника турли замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Касалликларни эрта босқичда аниқлаш даражаси 50 фоизга етказилди. Тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилиб, дебит тизимига уланди. Натижада поликлиникаларга мурожаатлар 20 фоизга ортиб, соғлом контингент 43 фоиздан 48 фоизга етди. Туман даражасида даволаниш 92 фоизни ташкил этиб, вилоят маркази ва пойтахтдаги шифохоналарга мурожаатлар 8 фоизга камайди.

[gallery-27862]

– Президентимиз қадимий Сурхонни замонавий янги қиёфада қайта тикламоқда, – дейди машҳур шифокор, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев. – Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас, ҳақиқат! Ҳудудда ўтмишдан шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ривожланган. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Термиз маданиятлар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида танилган. Халқаро савдо алоқаларида муҳим ўрин тутган. Ҳаким Термизий, Сомон Ашур Кокилдор каби улуғ зотлари табобат илми билан ҳам шуғулланган. Махсус мактабларда табиблар тайёрланган. Улар беморларни даволаш билан бирга касалликлардан сақланиш йўлларини ўргатган. Бугун Термиз халқаро мулоқот ва савдо марказига айланаётганига, воҳада бошқа тармоқлар қаторида тиббиёт ҳам юқори даражада ривожланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Тиббиёт институтини ташкил этиш халқимизнинг азалий орзуси эди. Бу орзуимиз рўёбга чиқди. Эндиликда йирик тиббиёт кластери барпо этилди. Замонавий бу муассасада мураккаб технологик даволаш муолажалари ва жарроҳлик амалиётларини, талабаларнинг амалий машғулотларини ўтказиш учун барча шароит мавжуд. Хорижнинг энг сўнгги тиббий ускуналари билан жиҳозланган. 

Яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланаётган вилоят аҳли ўтган йилни салмоқли ютуқлар билан якунлаб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 63,7 триллион сўмга етказди. Ўсиш 106,1 фоизни ташкил этди. Саноат ҳажми 109,3 фоизга, хизмат кўрсатиш 114, қурилиш пудрат ишлари 108,5, қишлоқ хўжалиги 103,8 фоизга ўсди. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4 минг 820 тага етказилиб, 18,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Дунёнинг 37 давлатига 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. 

Жанубдаги воҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси фақат ҳудудларда эмас, балки ҳар бир хонадонда кўзга ташланмоқда. Хусусан, бундан икки йил аввал вилоятнинг камбағаллик даражаси 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йил якуни билан бу кўрсаткич 4,5 фоизга тушди. Бу йил воҳанинг камбағаллик даражасини 2,8 фоизга тушириш, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мўлжалланмоқда. 

Жорий йилда ютуқларни янада мустаҳкамлашни режалаштириб олган сурхондарёликлар бу сафарги ташриф чоғида илгари суриладиган янги ташаббус ва ғояларни аҳиллик билан рўёбга чиқаришга, вилоятни бугунгидан ҳам обод, файзли, фаровон гўшага айлантиришга бел боғлаган. 

Холмўмин Маматрайимов, 
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари