Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз шукуҳи кезмоқда. Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида сайиллар ўтказилиб, шодиёналар давом этмоқда.
Байрам таровати Бағдод тумани аҳли ва меҳмонларини ҳам сайилга чорлади.
Шундан сўнг майин куй-садолар остида Баҳорой тимсоли гавдаланди. Совуқ об-ҳаво бўлса-да қувноқ болажонларнинг шўх-шодон қўшиқлари, дилрабо рақслари, самоларга талпинаётган варраклар – буларнинг барчаси байрам иштирокчилари қалбига илиқлик олиб кирди. Тадбирда фольклор жамоалари чиқишларига кенг ўрин берилди. Шунингдек, туман маданият бўлими ходимлари, таниқли ва хушовоз санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
Дорбоз томошалари, турли спорт мусобақалари, халқ ўйинлари дилларга қувонч улашди. Баҳор таомлари – сумалак, кўк сомса-ю, ҳалим тортилган дастурхонлар сайилга чиққанларга тақдим қилинди.
Олтиариқ туманида байрам эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари остида бошланди. Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий кийимдаги жарчилар ўлкамизга кўклам келганидан овоз бериб, барчани туман марказига чорлади.
Безатилган сайилгоҳнинг файзи ўзгача. “Aссалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остидаги халқ сайлига келаётган туман аҳли ва меҳмонлар туман марказий ўйингоҳида ташкил этилган театрлаштирилган байрам томошаларига ошиқар экан, “Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз”, дея ният қилинди.
Марказнинг бир томонида таълим муассасаларининг кўргазмаси ташкил этилган бўлса, яна бир томонда маҳаллалар мўъжаз дастурхон тузаб, баҳорий таомлар билан безадилар, дошқозонларда сумалак ва миллий таом – ош дамланди. Баҳорий таомлар эса дастурхоннинг зийнати бўлди.
– Байрам арафасида ҳар бир хонадон, маҳаллалар, дам олиш масканлари, боғлар, қадамжолар обод бўлди, – дейди туман ҳокими Шамсиддин Турдалиев. – Бундай бунёдкорликдан, хушманзарадан юртдошларимиз, меҳмонлар баҳраманд бўлмоқда. Беморлар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўмак кўрсатилаётгани халқимизни бирдамликка чорламоқда.
Тинчлик, Ватан, шукроналикни тараннум этувчи қўшиқлар куйланди. Юртдошларимиз бир-бирларини рақсларга чорлаб байрамни аъло кайфиятда ўтказди. Туман марказида бошланган Наврўз сайиллари қишлоқ ва маҳаллаларда давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА