Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қабулхона тадбиркорга кўмакчи
21:20 / 2021-06-22

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бухоро вилоят қабулхонасига жорий йилнинг январь-май ойларида жами 2 минг 749 та масалада 2 минг 703 та мурожаат келиб тушган.

Шундан 1 июнга қадар 2 минг 531 та масала тегишли масъул идоралар томонидан кўриб чиқилган.

Қабул қилинган мурожаатларда кўтарилган ва кўриб чиқилган 2 минг 749 та масаланинг 1 минг 408 таси ижобий ҳал қилинган. 1 минг 119 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. 4 та мурожаат муаллифига рад жавоби берилган.

Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда 1 минг 195 таси кредит ва банк соҳаси, 334 таси ер ажратиш бўйича, 103 таси рухсатнома ва лицензия олиш, 58 таси инфратузилма тармоқларига уланиш, 72 таси солиқ масалалари, 69 таси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, 918 таси бошқа масалаларни ташкил этади.

– Қабулхоналар томонидан ўтган давр мобайнида 119 маротаба сайёр йиғилиш ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бухоро вилояти қабулхона бош мутахассиси Азамат Истатов. – Мазкур йиғилишларда 3 минг 23 нафар тадбиркор иштирок этди. Сайёр йиғилишларда 1 минг 83 та масала кўтарилган. Шулардан 996 таси жойида кўриб чиқилди. 559 та мурожаат қониқарли ҳал этилган. Қолган 437 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Жарaёндаги 87 та масала тегишли масъул идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Тадбиркорлардан келиб тушган жами мурожаатларнинг 601 таси хотин-қизлар, 629 таси ёшлар томонидан қилинган.

Жондор туманидан тадбиркорликни ташкил этиш мақсадида Гулшод Назарова 2021 йил февраль ойида ишонч телефони орқали мурожаат қилиб унинг томорқа ер майдонида иссиқхона қуриб берилишида амалий ёрдам сўраган. Мурожаатда туман ҳокимининг хулосаси олиниб, кредит асосида иссиқхона қуриб берилиши таъминланган.

– Тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўшимча 10 нафар янги ишчи ўрни яратиш мақсадида жамият томонидан 1,5 миллиард сўмлик бизнес-режа ҳужжатлари Миллий банк Ромитан филиалига тақдим қилинган, – дейди Ромитан тумани "Kamol Jamol Javohir servis" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ражаб Жўраев. – Республика томонидан тасдиқланмасдан сарсон қилиб, оворагарчиликларга учраб келаётгандим. Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаб, бизнесимни ривожлантириш учун ушбу кредит ҳужжатларини тасдиқлашга амалий ёрдам сўраб қабулхонага мурожаат қилгандим. Мурожаатим ҳал этилиб, 1,5 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

– Чорвачиликни ривожлантириш ва қоракўлчиликни ташкил қилиш мақсадида 100 гектар яйлов ер ажратилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати қабулхона томонидан ижобий ҳал қилинди, – дейди Когон туманида яшовчи Шукур Насуллоев. – Когон туман ҳокимининг қарори асосида Когон туман Беклар МФЙ Зирабод массивидан 100 гектар ер ажратилиши таъминланди.

– Тумандаги Навоий МФЙ ҳудудидаги 31 гектар ерим огоҳлантиришсиз олиб қўйилганди, – дейди “Шермат Жавоҳир Нигора” фермер хўжалиги раҳбари Шермат Ҳусенов. – Қабулхонага шу масалада мурожаат қилгандим. Ерни сақлаб қолишда амалий ёрдам берилди.

Вилоят ва туман (шаҳар) қабулхоналари томонидан январь-май ойларида 134 та корхона ва ташкилотларга билдириш хатлари тақдим этилган. Шуларнинг 114 таси тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилиб, 33 нафар раҳбар ҳамда масъул ходимга интизомий чоралар қўлланилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг 8 нафарига, Банк муассасалари ходимларининг 19 нафарига, ташкилот ва идораларнинг ходимларига ҳайфсан ва жарима лавозимидан озод этиш жазо чоралари қўлланилган.

Халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар)лар кенгашларига жами 31 та ахборот киритилди. Мазкур сессия йиғилиш муҳокамаларида 66 нафар масъул идоралар ва секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

“Қоракўл илм чашмаси” МЧЖ раҳбари Ғуломжон Абдурашидовнинг 2021 йил 25 январдаги Ўқув маркази ташкил қилиш учун имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати Агробанкнинг Қоракўл филиали томонидан 70 миллион сўм кредит ажратилиб ижобий ҳал қилинди.

Жондор туманидаги "Азим Ботир Нормурод" фермер хўжалиги раҳбари Нормурод Ботировнинг 2020 йил пахта ҳосили учун тузилган шартномага асосан топширилган пахта хомашёси учун "Ромтекс" МЧЖ дан ҳозирги кунга қадар 154 миллион сўм қарзини ололмаётганлигидан норози бўлиб, 2021 йил январь ойида қилган мурожаати Жондор туман Фермерлар кенгашига юборилди. Кенгашнинг юристи томонидан судга даъво аризаси киритилиб, суд томонидан фермер фойдасига ҳал қилув қарори чиқариб берилди.

Бухоро шаҳридаги “Пласт Декор” МЧЖ раҳбари Комилабону Шарипованинг жамият негизида пластик панеллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 800 миллион сўм кредит ажратиш мазмунидаги мурожаати "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Тўқимачилик филиали томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилди. МЧЖ ва банк филиали ўртасида тузилган 10-сонли кредит шартномасига асосан бугунги кунга қадар жамият эҳтиёжлари учун тўлов топшириқномаларига асосан маблағлар кўчириб берилди.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА