Жиззах давлат педагогика университетида “Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёнлари ва кириш имтиҳонларидаги янгиликлар: Очиқлик, шаффофлик” мавзусида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир аввалида Олий таълим, фан ва инновациялар (ОТФИ) вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси Билим ва малакаларни баҳолаш шўъбаси мудири Иброҳим Ҳотамов ҳамда олий таълим муассасалари қабул комиссиялари масъул котиблари Ғайрат Қодиров, Миркомил Мирзабеков, Нормурод Алимов, Жавоҳир Қодировлар олийгоҳлардаги 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёни ҳамда ундаги янгилик ва ўзгаришлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбирда 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жорий йилнинг 20 июнидан бошлангани, рўйхатга олиш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн тарзда амалга оширилаётгани ва 2023 йилнинг 20 июлига қадар давом этиши таъкидлаб ўтилди.
[gallery-12600]
Шунингдек, чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш, гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган ижодий имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 10 июль куни кечга якунланиши қайд этилди.
– Ўтган йили илк бор 6 та ОТМга кириш учун чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказилган бўлса, жорий йилда мазкур тоифадаги ОТМлар сони 8 тага етди, – дейди ОТФИ вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси Билим ва малакаларни баҳолаш шўъбаси мудири Иброҳим Ҳотамов. – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Тошкент давлат педагогика ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетлари, Самарқанд, Андижон, Наманган давлат чет тиллар (институтининг чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишлари) институтлари, Қўқон ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишлари хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган олийгоҳлар шулар жумласидандир.
ОТМга кирмоқчи бўлган абитуриентлардан рўйхатдан ўтиши учун биометрик паспорт ёки ID-карта, умумий ўрта таълим олганини тасдиқловчи ҳужжат (аттестат, диплом) сўралади. Улардан бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмаслиги алоҳида таҳсинга лойиқ.
Рўйхатдан ўтишда абитуриентлар фанлар мажмуаси бир хил бўлган 5 тагача таълим йўналишини танлаши мумкин. Бунда таълим йўналишларини бир ОТМ доирасида ёки турли олийгоҳлар доирасида танласа бўлади.
Шунингдек, абитуриентлар турли таълим шаклларини танлаши мумкин. Мисол учун 1-таълим йўналишини кундузги, 2-сини кечки, 3-сини сиртқи, 4-сини масофавий таълим шакллари доирасида танлаш имконияти яратилади, умуман олганда қандай танлаш абитуриентнинг ўз ихтиёрида.
Бундан ташқари, абитуриентлар рўйхатдан ўтишда 2 та танлов устуворлиги давлат гранти ва таълим йўналиши мавжуд.
Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг баёни билан тест синови ўтказиладиган бинолар рўйхати тасдиқланган. Унга кўра 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари катта сиғимли биноларда ўтказилади.
Бунда тест синовларини ўтказиш учун 92 та бино танлаб олинган бўлиб, бир сменада 44 минг нафар абитуриент тест синовида иштирок этади. Ушбу бинолар Билимни баҳолаш агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда танлаб олинган. Мазкур баёнда Агентликка маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тест синовлари ўтказиладиган бинолар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилган бўлиб, бинолар рўйхатида ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Шу ўринда, жорий йилдан гуруҳ назоратчилигига номзодларни кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали танлаб олиш йўлга қўйилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бунинг учун жорий йилнинг январь – февраль ойларида электрон платформа орқали 8 минг 956 нафар талабгор гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтди. Улар учун махсус ўқув курси ташкил этилиб, курс якунида тест синови ўтказилди. Тест синовидан муваффақиятли ўтганлар билан суҳбат ўтказилиб, 4 минг нафарга яқини гуруҳ назоратчиси сифатида танлаб олинди.
Бундан ташқари, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида 150 нафарга яқин сурдо таржимон педагогларни тест синовлари жараёнига жалб этиш учун шартномалар тузилди.
Барча жойларда тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади. Бунинг учун ҳар бир гуруҳга стационар камералар ҳамда бинога умумий айланувчи камералар ўрнатилади.
– Тест синовларининг шаффоф ва очиқлигини таъминлаш мақсадида абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари, умуман кенг жамоатчилик тест синовларини кузатиб боришлари учун жараёнлар онлайн трансляция қилиб борилади, – дейди ЖДПУ қабул комиссияси масъул котиби Ғайрат Қодиров. – Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга киритишда эса абитуриентларнинг шахсини аниқлаш учун шахсни идентификациялаш воситаларидан фойдаланилади. Натижада бошқа бир шахс ёки шахсларнинг абитуриентлар ўрнига тест синовларига киришини олди олинади.
– Ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ шахсий кабинетида эълон қилиб борилади, – дейди Жиззах политехника институти қабул комиссияси масъул котиби Миркомил Мирзабеков. – Бунда абитуриентнинг жавоблар варақаси рангли сканер қилиниб, қайси саволларга тўғри, қайсиларига нотўғри жавоб берилгани акс этган ҳолда абитуриентнинг шахсий кабинетига жойлаштирилади.
Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича якуний танлов натижалари эса тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 1 ҳафта ичида эълон қилинади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА