English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қабул имтиҳонлари: уюшқоқлик ва шаффофлик таъминланмоқда
21:35 / 2025-07-10

Жорий йилнинг 9-12 июль кунлари барча ҳудудларда, жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам ихтисослаштирилган мактабларга қабул имтиҳонлари юқори савияда, белгиланган тартиб ва жадвал асосида ташкил этилмоқда.

Аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, Жасорат мактаби, Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино номидаги таянч ихтисослаштирилган мактаб ва уларнинг филиаллари, шунингдек, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат каби таълим муассасаларида бўлиб ўтаётган тест синовлари юқори даражада ташкил этилмоқда.

Ўқувчиларга тест жараёнларида иштирок этиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Улар белгиланган тартибда гуруҳларга бўлинган ҳолда, тест синовларини топширмоқда. Имтиҳонларнинг шаффоф ва холис ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ота-оналар учун ҳам тест жараёнларини онлайн кузатиш имконияти яратилган. 

[gallery-24260]

Қабул имтиҳонлари ҳар томонлама юксак савияда ташкил этилгани, уларнинг шаффоф ва адолатли ўтказилаётгани жамоатчилик ва ота-оналар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда.

– Ўғлимни тест имтиҳонларига олиб келар эканман, ундаги интилиш ва шижоатдан жуда қувондим, – дейди Қарши туманилик Ўринбой Тўрақулов. – Бизнинг давримизда бундай имкониятлар йўқ эди. Қарангки, Юртбошимиз ташаббуси билан келажак авлод учун шунча имкониятлар яратиб берилмоқда ва бугун имтиҳонга келиб, бу ердаги ўқувчиларнинг кўплигини кўриб англадимки, улар ҳам ўзларига яратилган имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Албатта менинг фарзандим ҳам синовлардан муваффақиятли ўтишини, келгусида чуқурлаштирилган ихтисослашган мактабларда таълим олишини ва жамиятимизга фаол хизмат қилишини ният қилиб қоламан. 

Маълумот ўрнида, 2025-2026 ўқув йили учун Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга жами 255 минг 613 та ариза келиб тушган. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 134 минг 19 тани ташкил этган. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари