Навоий вилоятида кузги ғалла экиш тадбирлари давом этмоқда. Жорий йил вилоятда 2023 йил ҳосили учун 39 минг 657 гектар майдонга кузги бошоқли дон экилиши режалаштирилган.
Вилоятда ғаллачиликка ихсослашган фермер хўжаликлари томонидан кунига 587 гектар майдонга кузги бошоқли дон экилмоқда. Мавсум бошидан буён эса ғалла экилган майдон 35 минг гектардан ошди. Дон униб чиққан майдон 26 минг 875 гектар бўлиб, шундан 12 минг 335 гектари 1-2 барг, 9 минг 100 гектар майдондаги бошоқ эса 3-4 барг ривожланиш фазаларига кирган.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан ғаллани тўғри ва сифатли парваришланиши юзасидан назорат ва профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
– Инспекция вилоят бошқармаси томонидан ғалла парвариши бўйича 1012 та назорат тадбирлари ўтказилди, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси катта инспектори Бурхон Тўйчиев. – Шундан 55 та фермер хўжалик ва кластерларнинг 168 гектар ғалла майдонида сийрак униб чиққан, азотли ўғитлар билан озиқлантирилмаган, шунингдек, ғўзапоядан тозаланмаган ғалла майдонлари мавжудлиги аниқланди. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида фермер хўжалик ва кластер раҳбарларига огоҳлантириш ҳамда бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.
Вилоятда ғалла экилган майдонларни минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, минерал ўғитлар захирасини яратиш ва бошқа агротехник тадбирлар сифати юзасидан назорат тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА.