Тошкент вилоятида пилла уруғини олиб келиш, пилла қурти боқиш ҳамда тайёр маҳсулотларни пиллачилик корхоналарига етказиб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудда 8 та пиллани қайта ишлаш корхонаси фаолият юритади. Ушбу корхоналарга 11 та пилла етиштирадиган туман (Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Оҳангарон, Пискент, Янгийўл, Чиноз, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Бўстонлиқ)лар бириктириб берилган.
2021 йил мавсумида вилоятда 27 минг 302 қути ипак қурти уруғи парваришланиб, 1 минг 529 тонна тирик пилла етиштириш режалаштирилган. Бугунги кунда контрактация шартномаларини тузиш ишлари тўлиқ якунига етказилган.
Фермер хўжаликлари ва қурт боқувчилар (звено) ўртасида жами 20 минг 681 қути ипак қурти парваришлаш бўйича ички меҳнат шартномалари тузилган. Мавсумни самарали ўтказиш мақсадида кўплаб масъул ташкилотлар жараёнга жалб этилмоқда. Тошкент вилоятида бугунги кунда 273 дона инкубатория мавжуд бўлиб, улар орқали фермер хўжаликлари ҳамда қурт боқувчи звеноларга уруғ тарқатиш борасидаги ишлар бошлаб юборилган. Мавжуд инкубаторияларга ипак қурти уруғларини жонлантириш учун об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб 8 апрелдан 25 апрелгача бўлган муддатда қўйиш режалаштирилган.
Пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан жонланган ипак қурти уруғларини парваришлаш учун барча зарурий чоралар кўрилган. Ипак қуртларининг озуқаси учун 3 минг 596 гектар тут плантациялар ва 4 миллион 263 минг дона тут қаторлари парваришланмоқда. Бундан ташқари, 2021 йилда жами 3 миллион 611 минг дона тут кўчати экилди. Фермер ва кластер хўжаликлари, пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан ҳам янги тутзорлар барпо этилди.
Шунингдек, Бўка ва Оққўрғон туманларининг ҳар бирида 1 миллион АҚШ долларлик қийматидаги пиллани қайта ишлаш корхоналарини қуриш ишлари бошланган. Бу эса ўз-ўзидан 2 минг 400 та доимий ва 57 минг 700 та мавсумий иш ўринларини яратиш имконини берди.
Жорий йилда пиллани қайта ишлаш ҳисобига жами 3 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт ишлари амалга оширилади. Умуман олганда вилоятда пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА