Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Бухоро ҳудудий сайлов комиссияси ҳамда сайлов участкаларида тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган.
– Сайлов – фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланишнинг бир намунаси, – дейди Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Роҳила Отаева. – Аҳолини овоз беришда иштирок этиш ва бу жараёнлар билан яқиндан таништириш соҳа вакилларининг вазифасидир. Ҳозирда мавжуд 631 та участкада ҳар бир комиссия аъзосининг, дастлаб, сайлов бўйича ўтказилган ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди. Аксарият комиссия аъзолари сайлов жараёнларини ўтказиш бўйича тажриба ва билимлари борлиги, жараёнларда муаммоларнинг ҳал этилиши енгил кечмоқда.

– Когон шаҳар 97-сайлов участкаси фаолиятига тўхталадиган бўлсак, тайёргарлик ишларига масъулият билан ёндашилмоқда, – дейди комиссия котиби Халил Набиев. – Бемор, кекса, ногиронлиги бор ва бошқа фуқаролар рўйхатини тузиш чоралари кўрилди. Сайлов кунига қадар ташкилий ишлар халқаро нормалар асосида тўла шакллантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, Бухоро вилоятида сайлов жараёнлари миллий қонунчилигимизга мувофиқ адолатли ва шаффоф ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.