Бу йил Сирдарё вилоятида таълим инфратузилмасини янгилаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Инвестиция дастури ва Президент қарори доирасида 116 та таълим муассасасида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бунинг учун 644 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бир йил ичида 1 та янги мактаб қурилди, 25 та мактаб кенгайтирилди. Натижада 11 минг ўқувчи учун қўшимча ўрин яратилди. Сардобанинг Қуйитош маҳалласида барпо этилаётган 330 ўринли янги мактаб эса маҳаллий аҳоли учун катта совға бўлди.

Мактабгача таълим тизими ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Вилоятнинг турли ҳудудларида 3 та янги боғча қурилаётгани, 42 та боғча реконструкция қилиниши бунинг яққол исботидир. Хусусан, 35 йилдан бери боғчасиз бўлган Сирдарё туманидаги Аҳиллик маҳалласида янги боғчанинг ишга туширилиши аҳоли учун узоқ йиллик интизорликка чек қўйди.

– Янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилди. Бугун мактабларда яратилган шароитлар, устозларимиз билим ва маҳоратга тайёргарлиги фарзандларимиз келажаги учун хизмат қилади. Ҳар бир туманда STEAM лабораториялари очилаётгани, ўқитувчиларнинг хорижда малака ошириши, компьютер ва интерактив доскалар билан таъминланиши таълим сифатига янги босқич олиб кириши шубҳасиз, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева.

Дарҳақиқат, яқин кунларда 1 700 нафар ўқитувчи малака ошириш курсларига юборилади, 55 нафар педагог Туркия ва Озарбайжонда стажировка ўтаб қайтиши режалаштирилган. Бу эса таълим соҳаси тараққиётида янги имкониятлар эшигини очади.

Президентимиз таъкидлаганидек: – Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимдадир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири