Россия-Украина масаласи
Ушбу ҳафта охирида Буюк Британия Бош вазири Кер Стармер Жо Байден билан учрашиш учун Қўшма Штатларга ташриф буюрди. Сиёсатчилар, асосан, Украина масаласида суҳбатлашган. Масалан, Киев доимий тарзда сўраб келаётган иттифоқчилар тақдим этган ва бу гал ҳам ечилмаган қуроллардан Россия ичкарисига зарба бериш учун рухсат берилиши мавзуси муҳокама қилинган. Бу ҳақда Оқ уй миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби маълум қилди.
– Мен бугун бундай қарор эълон қилинишини кутмаган бўлардим, – дея аниқлик киритган у. – Бу борадаги сиёсатимиз ўзгармади.
Шунингдек, Кирби Вашингтон Путиннинг қуйидаги фикри “жиддий қабул қилингани”ни айтди:
– РФ ҳудудига Ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат этилиши НАТОнинг Россияга қарши урушда тўғридан-тўғри иштироки билан тенглаштирилади. Айни ҳолатда шунга монанд қарор қабул қилинади.
– Бу можарони Россия бошлади, – деган Британия Бош вазири Кер Стармер. – РФ урушни дарҳол тугатиши мумкин. Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва биз буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Британия Россия билан зиддиятга интилмаяпти, бизда умуман бундай ният йўқ.
Янаям аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лемми Киевда бўлиб қайтган ва Блинкен қуроллардан фойдаланиш масаласи бўйича Байденга хабар етказишини айтган.
Ўшанда Қўшма Штатлар Украина учун 700 миллион доллардан ортиқ қўшимча маблағ ажратди. 325 миллион доллар Украина энергетика инфратузилмасини тиклашга кўмаклашиш учун мўлжалланган. 290 миллион аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан дори-дармон, озиқ-овқат, ичимлик суви ва бошқа зарур маҳсулотлар харид қилишга сарфланиши режалаштирилган.
Ҳудудларни минадан тозалаш учун Киевга тахминан 102 миллион доллар берилади.
Буюк Британия ҳам Украинани қўллаб-қувватлаш учун яна 600 миллион фунт стерлинг ажратишини маълум қилган.
Қироллик Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун “Storm Shadow” қанотли ракетасидан фойдаланишга рухсат бермоқчи. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берган. Манбалар таъкидлашича, бу икки сиёсатчининг Киевга бирга келиши “Storm Shadow” бўйича ижобий қарор қабул қилиниши учун муҳим эди.
“Financial Times” ёзишича, Британиянинг бундай ракеталари Киевга стратегик вазиятни ўзгартириш имконини бермайди. Зеро, Украина Қуролли кучлари томонидан йўқ қилиниши устувор мақсад сифатида белгиланган Россия аэродромларидаги самолётлар аллақачон “Storm Shadow” ва ATACMS зарбаси ета оладиган масофадан ташқарига олиб чиқилган.
Россия Курск жангида қарши ҳужумга ўтганини маълум қилди. Расмий Киев ҳам бу хабарни тасдиқлади. Украина томони Россия билан музокарада Ҳиндистон воситачи бўлиши керак, деб ҳисоблайди ва бунинг учун жиддий ҳаракат қилмоқда. Киев Нью-Деҳлидан айни масалани муҳокама қилиш учун конференция ўтказишни сўраяпти.
Ғазодаги вазият
Ғазога ҳужум давом этар экан, минглаб инсонлар ҳалок бўлмоқда. Бу ҳафта ҳам мактаб ва лагерларга зарба тинмади. Ҳудудни қайта қуришга қанча маблағ кетиши номаълумлигича қолмоқда. Ғазони 2023 йил октябридаги ҳолатига қайтариш учун ўнлаб йиллар керак бўлади.
БМТ 2024 йил бошида Ғазо қишлоқ хўжалиги ресурсларининг 96 фоизи, жумладан фермер хўжаликлари, боғлар, суғориш тизими, машина ва омборхоналар йўқ қилинганини таъкидламоқда.
Тегишли ҳисоботда айтилишича, ўтган йилнинг сўнгги чорагида Ғазонинг ялпи ички маҳсулоти 81 фоиз камайди ва бу йиллик кўрсаткич 22 фоиз қисқаришига олиб келди.
Ғарбий соҳилда зўравонлик кучайиши хавотирли иқтисодий пасайишга сабаб бўлган. Ҳудудда ялпи ички маҳсулот 2023 йил охирги чорагида 19 фоиз қисқарган.
7 октябрдан бери Фаластин ҳудудидаги меҳнат бозори шароити ҳам кескин ёмонлашди. Ҳисобот шуни кўрсатдики, Ғарбий Соҳилдаги корхоналарнинг 96 фоизи фаолияти сусайган, 42 фоиздан кўп ишчи кучи қисқарган. Сектордаги ишсизлик 2023 йил охирги чорагидаги 46 фоиздан 79 фоизга кўтарилган.
Қарийб бир йилдан буён Ғазога уюштирилаётган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 41 000 га яқинлашди. Бугунгача жами 94 825 инсон яраланган.
Ҳисоботда жасадлар вайроналар остида қолаётгани ёки йўл четига кўмилаётгани, турли тўсиқлар туфайли тиббий гуруҳлар, фуқаролик мудофаа ходимлари марҳумлар ёнига етиб бора олмаётгани қайд этилган.
Тўлиқ қамал қилингач, секторга сув, электр энергияси, ёнилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтади.
Ғазо амалда жанубий ва шимолий қисмларга бўлиниб қолган. Исроил ҳозир ҲАМАСнинг сўнгги таянчи ҳисобланган Рафоҳда қуруқликда ҳарбий амалиёт ўтказмоқда.
Буюк Британия ҳукумати раҳбари АҚШга ташрифи чоғида Ғазодаги вазиятга ҳам тўхталган. Икки давлат етакчилари Исроил хавфсизлигига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб, гаровга олинганларни озод қилиш, секторга ёрдамни кўпайтиришга имкон бериш мақсадида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган.
Трамп ва Ҳаррис
“Reuters” агентлиги ва “Ipsos” компанияси томонидан ўтказилган сўров натижаси Демократлар партиясидан президентликка номзод ва амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис телевидение орқали тўғридан-тўғри ўтказилган дебатдан сўнг сайловчилар қўллаб-қувватлови бўйича республикачи рақиби, собиқ Президент Дональд Трампни беш фоиз фарқ билан ортда қолдираётганини кўрсатмоқда.
Маълум бўлишича, президентлик сайловида америкаликларнинг 47 фоизи Ҳаррисга овоз беришга тайёр, респондентларнинг 42 фоизи Трампни ёқлашини билдирган.
– Боксчи рингда мағлуб бўлгач, дарҳол реваншни хоҳлаб қолади, – деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда. – Сўров шуни яққол кўрсатмоқдаки, мен номзод – ўртоқ Камала Ҳаррисга қарши баҳсда ғалаба қозондим ва у дарров янги дебат талаб қилди. Учинчи баҳс бўлмайди!
Июнь ойида Трамп ва Жо Байден ўртасида ўтказилган дебатда амалдаги Президент мағлуб бўлди ва пойгани тарк этди. Шундан сўнг вице-президент Демократик партиядан номзод сифатида майдонга чиқди.
Трамп ва Ҳарриснинг дастлабки дебати 10 сентябрь куни ABC телеканали жонли эфирида намойиш қилинди. Ушбу даҳанаки баҳсни 67 миллиондан ортиқ киши томоша қилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/JOYX5EXyF0Y?si=uMCusj7KLv-rYJCU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Искандар Исматов (видео), ЎзА.