Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Путиннинг Европа сафари яна баҳс марказида
17:26 / 2025-10-23

АҚШ Президенти Дональд Трамп Владимир Путин билан Будапештда ўтказилиши режалаштирилган учрашувни бекор қилди.

– Мен учун бу ҳозир тўғри қарор эмасдек туюлди, – деди Трамп Оқ уйдаги брифингда.

Бу баёнот ортида шунчаки дипломатик бир қадам эмас, балки глобал сиёсатдаги чуқур зиддият, халқаро ҳуқуқ ва геосиёсий манфаат ўртасидаги мураккаб тўқнашув ётади.

Гаага ордери ва Европа учун ҳақиқий синов 2023 йил 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путинга нисбатан “Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан аҳоли (болалар)ни ноқонуний депортация қилиш ва Россия Федерациясига ноқонуний олиб ўтиш каби ҳарбий жиноят” содир этгани учун қўлга олиш ордери чиқарган эди. Бу қарор Европадаги ҳар қандай давлат учун ҳуқуқий мажбурият сифатида қабул қилинди. Агар Владимир Путин ЕИ ҳудудига кирса, халқаро мажбуриятга кўра у ҳибсга олиниши лозим. Шу боис Будапешт саммити ғояси бошиданоқ жиддий баҳсга сабаб бўлди.
ЕИ ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас вазиятни “ёқимсиз ҳолат” дея баҳолади:

– Қидирувдаги шахс Европа давлатларидан бирига келишини кўриш ёқимсиз. Агар амалий натижа бермаса, ташриф сиёсий жиҳатдан баҳсли мавзуга айланади.
Айни пайт Венгрия Гаага судидан чиқиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Демак, ЕИ ичида ҳам ҳуқуқий бирлик синовга дуч келаётгандек.

Европа Путинни Гаагада бўлишини истаяпти

Бир қатор Европа давлатлари раҳбарлари Путиннинг ташрифини кескин қоралади.
Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис Европада Путин учун ягона жой Гаагадаги халқаро трибунал эканини таъкидлади.

Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен ҳам шунга ҳамоҳанг фикр билдирди: Европа ҳудудида ҳарбий жиноятда айбланган шахс учун ўрин бўлмаслиги керак.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро учрашув урушни дарҳол ва шартсиз тўхтатса, ҳеч қандай хавф бўлмаслигини айтди.

Нидерландия ва Польша дипломатлари эса Европа Украина манфаатини устувор вазифа сифатида кўришига урғу берди.

Зеленский позицияси: музокара қаерда бўлиши муҳим эмас

Украина Президенти Владимир Зеленский Будапештни учрашув майдони сифатида сиёсий ва тарихий жиҳатдан энг мақбул жой эмас, бироқ “агар музокара тинчликка олиб келса, қаерда ўтказилиши муҳим эмас, деди.

Зеленский Путин, Трамп ва ўзи иштирокидаги учрашувга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга воситачи орқали мулоқот йўлини ҳам инкор этмади.
Мазкур баёнот Украина ҳукумати урушга барҳам бериш учун ҳар қандай дипломатик имкониятдан фойдаланишга тайёрлигини кўрсатди.

Тинчлик ташаббуси ва сиёсий реализм

Трамп сўнгги баёнотларида “Путин ва Зеленский тинчликни хоҳлайди” дея таъкидлади. Бинобарин, сиёсатда гапдан кўра амалий ҳаракат муҳим. Ҳозир Трамп ҳам Путин ҳам геосиёсий босим остида. Бундай ҳолатда ҳар қандай тинчлик ташаббуси ички сиёсий манфаат билан уйғунлашиши эҳтимолдан холи эмас.

Будапешт саммити бекор қилиниши фақат дипломатик қарор эмас, балки халқаро ҳуқуқ ва сиёсий ахлоқ тақозо этган воқелик. Бир томонда тинчлик музокарасини ташкил этиш истаги, иккинчи томонда эса халқаро ҳуқуқни бузган шахсга нисбатан жазо чорасини таъминлаш мажбурияти турибди.

Европа бугун айни шу икки ёндашув ўртасидаги мувозанатни излаяпти. АҚШ эса тинчлик ташаббусини илгари суриб қўйиб, энди амалий ечим топа олмаяпти.
Халқаро майдонда ихоталаниши давом этаётган бир пайт, Путиннинг ҳар қандай ташқи ташрифи нафақат сиёсий, балки ҳуқуқий баҳс мавзусига айланмоқда.

Д.Ҳакимов, ЎзА