Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Путин: 30 дан ортиқ давлат БРИКСга кириш истагини билдирган
11:22 / 2024-09-13

Россия Президенти Владимир Путин 30 дан ортиқ давлат БРИКСга кириш истагида эканини билдирди. Бу ҳақда РФ етакчиси ушбу тузилмага аъзо давлатлар хавфсизлик масалалари учун масъул вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

– Раислигимиз доирасида янги иштирокчи мамлакатларнинг мавжуд механизм билан тез ва силлиқ интеграциялашувига ҳар томонлама ёрдам бериш вазифаси бизга алоҳида юклатилган, – деди у. – Қолаверса, кўплаб мамлакатларда БРИКСга қизиқиш ортаётганини эътиборсиз қолдира олмаймиз. Бугунги кунда ўндан ортиқ, аниқроғи 34 давлат тузилмамиз фаолиятига у ёки бу шаклда қўшилиш истагини билдирган. Шу боис барча иштирокчилар билан Қозонда тасдиқланиши мумкин бўлган янги тоифа – ҳамкор давлатлар тартиби бўйича фаол муҳокама бошланди. Россия раислиги дастурида барча устувор йўналишлар – сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва молия, маданий-гуманитар алоқалар бўйича шерикликни ривожлантиришга қаратилган 200 тадбир кўзда тутилган. Ҳозиргача режа 70 фоиз бажарилди, 150 га яқин йиғилиш, соҳалар бўйича форум ўтказилди, экспертлар ва аксар вазирлар учрашувлари ўтказилди. Биз хавфсизлик бўйича олий вакиллар сифатида ҳар бир аъзо ваколатига доир масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм таҳдиди, қурол ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши, трансмиллий жиноятчилик ва ноқонуний миграцияга қарши курашда БРИКС майдонида тўпланган чинакам, мустаҳкам ҳамкорлик тажрибасига таянамиз.

БРИКС гуруҳининг коррупцияга қарши иши доирасида, Россия томони таклифига биноан, ассоциация давлатларининг порахўрликка қарши кураш ва ноқонуний жиноий фаолиятдан олинган активлар ва даромадларни қайтариш бўйича умумий ёндашуви белгиланди.

Г.Сатторова,

ЎзА