Германиянинг спортчилар учун кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Puma SE” компанияси янги стратегияси доирасида футбол бўйича Исроил миллий терма жамоасига ҳомийлик қилишни тўхтатади, деб ёзди “Financial Times” газетаси корхона ички ҳужжатларига таяниб.
Нашр маълумотига кўра, ушбу қарор бундан бир йил аввал қабул қилинган ва Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракати туфайли компания товарларига бойкот эълон қилиш чақирувига алоқаси йўқ.
“2024 йил спорт кийими ишлаб чиқарувчи дунёдаги учинчи йирик компания саналган “Puma SE” Исроил футбол ассоциацияси билан шартномани узади, энди корхона ушбу давлат миллий футбол жамоасини кийинтирмайди”, - дейилган баёнотда.
Таъкидланишича, ҳозир “Puma” билан Исроил терма жамоаси ўртасида 2018 йил имзоланган ҳамкорликни бойкот қилишга чақириқ кучаймоқда. Фаоллар компанияни Иордан дарёси ғарбий қирғоғидаги Исроил қишлоқларини қўллаб-қувватлаганликда айбламоқда.
“Puma” Исроил жамоасидан юз ўгириши бўйича қарор молиявий омил сабаб қабул қилинган. Бу қадам компаниянинг кенг кўламли стратегияси билан боғлиқ. Газета ёзишича, янги стратегия доирасида ҳамда молиявий сабаб туфайли корхона бошқа мамлакатлар терма жамоалари билан ҳам ҳамкорликни тўхтатади.