French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пулни тежаш ва тўғри сарфлаш маҳорати
14:22 / 2023-10-27

31 октябрь – Бутунжаҳон жамғариш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети маданият саройида маҳорат дарслари ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси, тижорат банкларидан мутахассислар, суғурта ташкилотлари вакиллари, етакчи тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Ҳеч кимга сир эмаски, пулни тежаш, уни тўғри сарфлай билиш, жамғариш ва тасарруф этишда инсондан билим ва кўникмалар ва албатта, жамғариб бориш сирларидан бохабар бўлишлик талаб этилади. Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида молиявий саводхонлик, айниқса, муҳим. Бу нафақат молия соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, балки аҳолининг кундалик ҳаётдаги оддий иқтисодий ҳисоб-китоблардан тортиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш каби қатор мураккаб жараёнларда иштирок эта олиш кўникмаларини назарда тутади. Маҳорат дарсида “2021-2023 йилларга мўлжалланган молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тижорат банклари ва суғурта ташкилотидан вакиллар ўз маъруза ва тақдимотлар орқали тушунтириб ўтди.  

Мутахассислар ушбу саводхонлик фақат ўз даромадига эга ишчи қатлам учунгина эмас, болалар, айниқса, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун ҳам муҳимлигини таъкидлади. Тадбирда ёш тадбиркор Нукус туманидаги “Biogumus” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Ниязимбетов ёш бўлишига қарамай, ўз фаолияти, билим ва тажрибаларидан келиб чиқиб, талаба ёшларга тадбиркорликнинг ўзига хос сир-асрорларини тушунтирди. Бундан ташқари, тадбир давомида талаба ёшлар орасида тадбиркорликка оид интерактив ўйинлар ҳам ташкил этилди. Қолаверса, энг фаол иштирок этган талаба ёшларга Марказий банк томонидан сертификатлар, банк маҳсулотлари бўйича йўриқномалар ҳамда молиявий саводхонликка оид китоблар тарқатилди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири