Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пуллик йўллардан фойдаланиш тартиблари қандай бўлади?
16:49 / 2025-09-22

Бугун “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб фракция раҳбари Алишер Қодиров давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташрифи ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан “Таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалалари” бўйича ўтказган мулоқотидаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида тўхталди. Ўқитувчи ва сифатли таълим тизими жамиятни ўзгартирадиган, мамлакат равнақини таъминлайдиган асосий куч эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи хусусида сўз юритиб, унда белгилаб берилган вазифалар аҳамияти, депутатларнинг иштирокига эътибор қаратди.

Шундан сўнг йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Маълумки, ўтган парламент сайловлари янгича — можаритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилган эди. Пропорционал сайлов тизимига кўра, бўшаб қолган депутатлик ўрнини партия рўйхати бўйича навбатдаги номзод эгаллайди. 

Қайд этилганидек, фракция аъзоси Маҳмуд Истамов Адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан унинг ўрнига Нигора Лутфуллаева депутатлик ўрнини эгаллади. Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов фракциянинг янги вакилига депутатлик гувоҳномасини ва кўкрак нишонини топширди. 

Шундан сўнг кун тартибидаги бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. 

– Бундан қарийб 20 йил олдин қабул қилинган автомобиль йўллари соҳасига оид амалдаги қонун бугунги кун талабига жавоб бермай қолди, — деди депутат Гўзал Самиева. — Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан давлат-хусусий шериклик асосида йўл инфратузилмасига инвестиция жалб қилиш, пуллик автомобиль йўллари билан боғлиқ янги нормалар қонунчиликка киритилмоқда. Пуллик автомобиль йўлларидан фойдаланган шахслар тўловларни ўз вақтида амалга оширмаса, жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Белгиланган тартибга кўра, пуллик автомобиль йўлларига муқобил бўлган бепул йўллар бўлиши шарт. 

Муҳокамаларда депутат Азамат Пардаев кўп ҳолларда ички йўллар таъмирланганидан 1 йил ўтар-ўтмас, йўлларнинг ҳолати ёмон аҳволга келиб қолаётгани, ички йўлларнинг сақланишига ким жавоб бериши бўйича саволларни ўртага ташлади. Бунга жавобан Автомобиль йўллари қўмитаси вакили маҳаллий ҳокимият бу масалаларга масъул эканлигини билдирди. 

Лойиҳани такомиллаштириш бўйича бир қатор саволлар ўртага ташланиб, қизғин муҳокама қилинди. Якунда тегишли қарор қабул қилинди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА