Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пули борнинг қўли ҳам, тили ҳам узун
11:47 / 2021-04-06

Бир неча йилдан буён шу тизимда ишлаётган, тажрибали ҳокимларнинг гапига қулоқ тутсангиз молиявий масалаларда ҳозир анча эркин бўлганликларини айтишади. Илгари маҳаллий бюджетдан ҳам ўз ихтиёри билан маблағ ишлатолмаган ҳоким ҳозир бюджетнинг орттирилган қисмидан халқ депутатлари Кенгаши қарори асосида ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларни ҳал этишда эркин фойдаланиши мумкин.

– Ўтган йилда вилоятимиз бўйича маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари асосида шаклланган миқдори 200 миллиард 559 миллион сўмни ташкил этди, – дейди Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси маҳаллий бюджетни шаклантириш ва даромадларни прогнозлаштириш бўлими бошлиғи Анорбой Абданов. 

– Хусусан, вилоят бюджетида бу маблағ 93,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, туман, шаҳарларда 18,6 миллиард сўмгача бўлди. Бу маблағнинг салмоқли қисми – 81,1 миллиард сўми ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга йўналтирилди. Хусусан, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш учун 22,5 миллиард сўм, умумтаълим мактаблари учун 9 миллиард сўм, мактабгача таълим ташкилотлари учун қарийб 5 миллиард сўм, маданият муассасалари учун 5,1 миллиард сўм, ички йўлларни таъмирлашга 3,4 миллиард, ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 1,5 миллиард сўм ажратилди. Бу маблағларнинг салмоқли қисми вилоят бюджетининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қопланди. Шу билан бирга туман, шаҳарлар ҳам ижтимоий соҳа учун катта маблағ ажратди. Масалан, Қўшработ туманида жами шакланган маблағ 7,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, унинг 2,3 миллиард сўми ҳудудда мактабгача таълим муассасалари қуриш ва таъмирлаш, уларни жиҳозлашга йўналтирилди. 6,8 миллиард пул топган Паяриқ тумани эса 1,1 миллиард сўмни йўлларни таъмирлашга, 1 миллиард сўмни умумтаълим мактабларига сарфлади. Каттақўрғон туманида ҳам бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан салмоқли маблағ (2,1 миллиард сўм) умумтаълим мактабларига, 860 миллион сўм мактабгача таълим ташкилотларига йўналтирилди.

Жорий йилнинг 2 апрель куни ўтказилган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам тегишли бошқарма ва идораларнинг мурожаатига асосан, вилоят бюджетининг 2021 йил 1 январь ҳолатида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан жами 3 миллиард 872 миллион сўмни турли мақсадлар учун йўналтириш бўйича қарор қабул қилинди.

Жумладан, Иштихон туманида «Электрон поликлиника» ахборот тизимини жорий этиш учун 1 миллиард 440 миллион сўм, Каттақўрғон шаҳрида шундай мақсад учун 592 миллион сўм, вилоят кардиология диспансерига замонавий тиббий жиҳозлар харид қилиш учун 1 миллиард сўм, замонавий ахборот коммуникация технологиялари бўйича ёшлар ўртасида танловлар ўтказиш учун 235 миллион сўм, Қўшработ туманида ички ишлар органлари таянч пунктларини жиҳозлаш учун 157 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА