Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пул деб виждонини сотганлар
12:47 / 2021-09-21

Бир неча ой аввал Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 2 нафар фуқаронинг 40 дан ортиқ эшакни сўяётган вақтда ушлангани ҳақида хабар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Ўшанда улардан сўйиб бўлакларга ажратилган эшак гўштлари ва 20 та эшак ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олингани ва фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинганди.

Куни кеча Қашқадарё вилоят юридик техникумида мазкур иш бўйича сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд жараёнида айбланувчи қилмишига қисман иқрорлигини билдириб, бу ҳайвон гўштини итлар учун сўйиб сотишини маълум қилди. Бироқ суд ҳужжатларида тўпланган маълумотларга кўра, фуқаро пул эвазига буюртмачига етказиб берган. Суд мажлисида айбланувчи пушаймонлигини, бошқа бундай ишларга қўл урмаслигини айтиб, суддан қонуний енгиллик сўради.

Айтиш мумкинки, инсон ҳаётига хавф солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракат қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Музокарадан қайтган судья ўз ҳукмини эълон қилди. Унга кўра, Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалла фуқаролар йиғини Янгибоғ кўчасида яшовчи Ҳ.Ж Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 186-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Қонун олдида ҳамма баробар. Жиноят қилиндими унга нисбатан тегишли тартибда жазо тайинланади. Майли жазони ўташ ҳам бир гап бўлар. Лекин ҳалол йўл қолиб, ҳаром пул топишни ўйлаганлар, қанча одамни бу жирканч ишга шерик қилганлар ўз виждони олдида қандай жавоб бераркан.  

 

Ўлмас Баротов,  

ЎзА. Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА