English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пухта тадорик – муваффақият омили
17:38 / 2015-04-08

“Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, деган мақолни ким ўйлаб топгану биринчи бўлиб кимга, қачон ва қаерда айтилгани ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо ҳар сафар шу мақолни эшитганимда, Бўка туманидан Севара Фармонова кўз олдимга келаверади.

“Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, деган мақолни ким ўйлаб топгану биринчи бўлиб кимга, қачон ва қаерда айтилгани ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо ҳар сафар шу мақолни эшитганимда, Бўка туманидан Севара Фармонова кўз олдимга келаверади.

Севара опа ипак қурти парваришлайди. Бунга ҳам роппа-роса йигирма йил бўлди. Дастлабки ишини ўзимизнинг маҳаллий ипак қурти парваришидан бошлаган пиллакор кейинчалик, пилласидан енгил саноатда хомашё сифатида фойдаланиш мумкин бўлган Хитой эмани ҳамда Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган айлант дарахти ипак қуртларини боқишнинг ўзига хос “технологияси”ни миридан-сиригача ўрганиб олди.

Туманнинг қўшни давлат билан чегарадош Ўзбекистон қишлоғида истиқомат қилувчи С.Фармонова ҳар йили шартнома мажбуриятларини Тошкент вилоятида биринчилардан бўлиб бажаради. Унинг илғор пиллакор сифатида шуҳрат қозонгани, кўпчиликнинг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлгани замирида ана шундай бетиним изланиш, машаққатли меҳнат мужассам.

Жорий мавсумда уч қути ипак қуртидан қарийб 300 килограмм пилла олишни мақсад қилган пиллакор айни пайтда ҳовли биқинидаги бостирмани тартибга келтирмоқда.

– Бу ерда ипак қуртини парваришлаб, ипакчилик саноати учун муҳим бўлган пилла тайёрлаб берамиз, – дейди опа. – Узоғи билан бир ой давом этадиган мазкур жараёнда пиллакордан алоҳида масъулият ва жиддий эътибор талаб этилади. Боиси, толанинг оз ёки кўп чиқиши пилла сифатига ҳам боғлиқ-да. Қурт ўзидан фибрион, серицин, пигмент каби ёпишқоқ моддалардан иборат ипак чиқариб, ўз танаси атрофида устма-уст, 40 қаватгача пилла ўрайди. Шу ва бошқа табиий юмушлар битгач, дарҳол мутахассисларга топширамиз. Қолган ишларни пилла чувишга мўлжалланган корхоналар ўз зиммасига олади. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли уй шароитида ҳам мўмай даромад топиш имконига эга бўлмоқдамиз.

Пиллакор ҳақ. Давлатимиз томонидан аграр соҳа равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ипакчилик саноати учун қимматбаҳо хомашё етказиб берадиган муҳим бўғинлардан бири – пиллачилик ҳам жадал ривожланмоқда.

Президентимизнинг 2006 йил 15 ноябрдаги “Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасида пилланинг янги навлари яратилиб, ипак толасининг сифати халқаро стандартлар даражасига олиб чиқилди. Уни замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш, қайта ишлаш жараёнини ислоҳ қилиш устувор вазифа этиб белгилангани соҳа муваффақиятида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилда 27 минг 250 қути ипак қурти парваришлаб, икки минг тоннага яқин пилла етиштириш, бир миллион туп тут кўчати экиш ҳамда 90 гектар майдонда янги тутзорлар барпо қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда бу борадаги ишлар белгиланган тартибда олиб борилаётир.

Хусусан, жойлардаги пилла тайёрлов корхоналари уч мингдан зиёд фермер хўжалиги ҳамда 18 мингдан ортиқ пиллакор билан контрактация ва ички меҳнат шартномаларини имзолади. Ипак қурти уруғини жонлантириш учун танланган 273 инкубатория тўлиқ таъмирланиб, дезинфекция қилинди.

Мавсумнинг беталафот ўтишини таъминлаш мақсадида ҳудудларга соҳа мутахассисларини бириктириш, қуртхоналарни тайёрлаш, уларни етарли миқдордаги тўшама қоғоз, термометр, психрометр ва бошқа моддий-техник ресурслар билан таъминлаш ва жиҳозлаш ишлари давом эттирилмоқда.

– Бу йилги мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Ипакчилик илмий-тадқиқот институти, вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, “Тошкентпахтасаноат” бирлашмаси ва жамиятимиз мутахассислари иштирокида жойларда ўқув семинарлари ташкил этилди, – дейди вилоят “Пилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасини бажарувчи А.Исмоилов. – Айни кунларда тегишли идоралар туман пилла тайёрлов корхоналари билан ўзаро шартномалар тузиб, белгиланган миқдордаги маблағни фермер хўжаликларига бўнак ҳамда моддий-техник ресурсларни беришга йўналтирмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, тутзорлар пиллачиликнинг муҳим озуқа манбаи ҳисобланади. Шунинг учун, тутзорларга вақти-вақти билан ишлов бериш, тут қатор ораларини ҳайдаш, зарур минерал ўғитлар билан тез-тез суғориб туриш муҳим вазифадир.

Буни яхши билган мутасаддилар, пилла озуқа базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида мавжуд 5 миллион 719 минг дона якка тартибдаги тут дарахти ва уч минг гектардан зиёд тутзор тартибга келтирилди. 292 минг туп янги тут кўчати экилди. Бекобод туманида 20 гектар янги тутзор барпо этилди.

Маълумотларга кўра, бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас олиш, умуман, пилла толасидан ўнлаб турдаги маҳсулот тайёрлаш мумкин. Бу, ушбу қимматбаҳо хомашё иқтисодиётимизнинг янада тараққий этиши, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади, деганидир.