French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Пском” гидроэлектр станцияси янги илғор технология ва инновациялар асосида қурилмоқда
18:55 / 2022-05-16

Аҳоли ва истеъмолчиларга электр энергия етказиб беришда мамлакатимизда фаолият юритаётган гидроэлектр станцияларининг алоҳида ўрни бор. Шу сабабли, кейинги пайтда мазкур соҳа имкониятларини кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пском дарёсида Пском ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳасининг татбиқ этилаётгани гидроэнергетика ривожидаги йирик ишлардан бири ҳисобланади.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Воҳиджон АҲМАДЖОНОВ ушбу лойиҳа аҳамияти ва қурилиш жараёнлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Пском дарёсида Пском ГЭС қурилиши гидроэнергетика соҳаси бўйича юртимизда қурилаётган йирик мега лойиҳадир, – деди В. Аҳмаджонов. – Лойиҳани татбиқ этиш учун “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти ташаббуси билан янгича ёндашув ва янги концепция асосида илғор замонавий технологиялар ва методлар жорий этилди. Мураккаб лойиҳа ишлари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан маҳаллий ва хорижий корхоналар мутахассислари белгиланган меъёрлар асосида қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Шуни қайд этиш керакки, “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пском дарёсида Пском ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида қабул қилинган техник ечимлар Германиянинг “Tractebel Engineering GmbH” халқаро инжиниринг компанияси томонидан олинган ижобий хулосалар асосида ишлар ташкил этиляпти.

Биринчи босқичда амалга оширилиши белгиланган гидротехника иншоотлари, ерости сув ўтказувчи туннеллар, ГЭС биноси ва 222 километр узунликдаги электр энергиясини узатиш тармоқлари ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ишлари бажарилди. Жумладан, биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти, 1288 метр узунликдаги сув ўтказувчи ерости туннели, 1-2-агрегатларга сув олиб келувчи 285 метр ерости туннели ва 2 дона сув ўтказувчи затворларни бошқариш иншооти барпо этилди. Дарёга сув ташлаш иншоотлари ҳамда ишчи-мутахассислар учун 80 ўринли 2 қаватли ётоқхона, 10 дона коттеж қуриб битказилди.

Шу билан бирга, 2021 йил 25 ноябрь куни Пском дарёсида “Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти” қурилишини бошлаш учун дарё оқими беркитилиб, келаётган сувлар “биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти” орқали яна дарёга йўналтирилди.

Лойиҳа доирасида тўғон узунлиги 200 метр ва пастки белгиси 983,00 метр юқори белгиси 1044,5 метр, яъни 61,5 метр баландликка эга бўлган “Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти” қурилиши натижасида Пском дарёсида Пском сув омборининг бирламчи босқичига сув йиғиш имконияти яратилади.

Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти 998,0 метр белгига қадар 10 метр чуқурликдан темир-бетон таянч тўсиқ билан кўтарилиб, темир-бетон ва тош оралиғидаги бўшлиқлар махсус цементли қоришма ёрдамида юқори босим остида тўлдирилиб чиқилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, мамлакатимизда гидротехника иншоотлари қурилиши тарихида биринчи маротаба соҳада хавфсизлик нуқтаи назаридан юқори чидамлиликка эга геокомпозит гидроизоляция маҳсулоти қўлланилишидир.

Италия давлатида ишлаб чиқарилган “КАРПИ” (CARPI) компаниясининг SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция маҳсулоти ривожланган давлатларда кенг қўлланилади. У фильтрация сувларига қарши синтетик маҳсулот ҳисобланувчи юқори сифат даражасига эга. Мазкур геокомпозит гидроизоляция маҳсулоти тўғонининг юқори сув тўсиш иншоотидаги фильтрация жараёнларини олдини олиш мақсадида фойдаланилади.

“Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти”нинг 998,1 метрдан 1026,5 метргача бўлган оралиқда бутун тўғон экрани бўйлаб t=4 мм қалинликдаги SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция материалини 11 129,0 м2 юзада қоплаш ишлари жорий йилнинг апрель ойида тўлиқ якунланди.

Шунингдек, биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти олдида сув сатҳларини доимий равишда кузатиб бориш, сел ва тошқин сувлари таъсирида сув сатҳини кескин кўтарилишини олдини олиб, 1-дарвозаларни бошқариш иншооти (КРЗ-1) орқали тошқин сувларини бошқариш мақсадида сув қабул қилиш иншоотига махсус электрон датчиклар ўрнатилиб, “онлайн” режимда мониторинг ва кузатувлар олиб борилмоқда. Дарвозаларни бошқариш иншооти биносидаги барча қурилмалар автоматик тизим асосида бошқариб борилмоқда.

Пском дарёсида тўғоннинг юқори сув тўсиш иншоотида олиб борилган қурилиш ишлари натижасида бугунги кунда сув сатҳи 1010 белгига кўтарилди. Бунинг натижасида тўғоннинг “КАРПИ” (CARPI) компаниясининг SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция маҳсулотлари билан қопланган махсус қисми ҳозирги кунда 9 метр сув остида. Бу мураккаб муҳандислик лойиҳасидаги ўз вақтида қабул қилинган конструктив ечим ва хулосаларнинг ижобий натижасидир.

Шунингдек, йирик қурилиш объектида мавжуд гидротехник иншоотларни хавфсиз ишлатилишини таъминлаш бўйича сел-тошқин сувларини беталофат ўтказиш чораларини кўриш, сув омборларидаги сув ҳисоб-китобини замонавий технологиялар асосида сув омборига сувнинг кириши, чиқиши ва кунлик мониторингини олиб бориш, назорат ўлчов қурилмалари кузатув натижаларини таҳлил этиб бориш мақсадида эксплуатация гуруҳи тузилган.

Мухтасар айтганда, ушбу лойиҳаларнинг амалдаги ижроси мамлакатимиздаги мавжуд сув омборларини қуриш ва модернизация қилишда катта тажриба бўлади. Янги технологиялар ва инновацияларидан самарали фойдаланиш келгуси ишлар учун пухта замин яратади.

ЎзА мухбири 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.