Америка Қўшма Штатларида клублар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи 2-тур беллашувлари старт олди.
“А” гуруҳидаги учрашувларда “Палмейрас” клуби “Ал-Аҳли” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу гуруҳдаги яна бир баҳсда эса “Интер Майами” Португалиянинг “Порту” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ушбу натижаларга кўра, “Палмейрас” ҳамда “Интер Майами” жамоалари 4 тадан очко жамғарган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллади. “Порту” ва “Ал-Аҳли” эса 1 очкодан қайд этган ҳолда 3-4 поғонада қолмоқда.
Гуруҳдаги ҳал қилувчи 3-тур учрашувлари 24 июнь куни бўлиб ўтади. Унда “Интер Майами” — “Палмейрас”, “Порту” — “Ал-Аҳли” учрашувлари ўтказилади. Ушбу баҳсларда “Порту” ва “Ал-Аҳли” клублари учун фақат ғалаба керак бўлади. Шу билан бирга, “Интер Майами” ва “Палмейрас” жамоаларига навбатдаги босқичга чиқиш учун дуранг ҳам кифоя қилади.
“B” гуруҳида эса кутилмаган натижа қайд этилди. Бразилиянинг “Ботафого” жамоаси француз гранди “ПСЖ”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, 6 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди ва кейинги босқичга муддатидан аввал йўл олди.

Гуруҳдаги иккинчи учрашувда “Атлетико Мадрид” АҚШнинг “Сиэтл Саундерс” жамоасини 3:1 ҳисобида енгди. Натижада, “ПСЖ” ва “Атлетико” 3 очкодан жамғарган ҳолда 2-3 ўринларни эгаллаб турибди. “Сиэтл Саундерс” эса икки учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, ҳалигача очко қўлга киритмаган.
3-тур доирасида “Атлетико Мадрид” – “Ботафого” ва “ПСЖ” – “Сиэтл Саундерс” ўйинлари 24 июнь куни бўлиб ўтади. Бу баҳсларда “Атлетико Мадрид” учун фақат ғалаба зарур, “ПСЖ” эса кейинги босқичга чиқиш учун дурангга ҳам рози бўлади. Бироқ бу ҳолатда “Ботафого” мағлубиятга учрамаслиги лозим. “Сиэтл Саундерс” учун эса ушбу баҳс натижаси аҳамият касб этмайди.
Бугун, 20 июнь куни “С” гуруҳидан “Бенфика” – “Окленд Сити” (21:00), “D” гуруҳида эса “Фламенго” – “Челси” (23:00) учрашувлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА