Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалида психотроп дори воситаларини қабул қилишга ўрганиб қолганлар даволанади. Улар орасида ўсмир ёшларнинг ҳам борлиги ачинарлидир.
Ушбу марказ олий тоифали нарколог-психотерапевти Наргисхон Содиқованинг сўзларига кўра, психотроп дориларни қабул қилган ёшлар организмида яллиғланиш касалликлари қўзғайди. Шундай ёшларнинг кейинги ҳаётларида бепуштлик ҳамда онкологик касалликлар аниқланмоқда. Бош мия, яъни руҳиятида бузилишлар бўляпти...
Шифокор суҳбат жараёнида ана шулар ҳақида сўз юритиб, марказда беморларни даволаш усуллари ҳақида маълумот берди, оғуга ўрганиб қолиш сабабларини айтиб ўтди.
– Психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ружу қўйишнинг илк белгилари қандай сезилади?
– Спиртли ичимликларни кўп ичадиганларнинг юзида ўзгаришлар сезилса, психотроп дори қабул қиладиганларнинг хулқ-атворида ўзгариш бўлади. Яъни уни қабул қилган одам бетоқат бўлиб қолади, кучли асабийлашиш, уйқусизлик, тажанглик ҳолати кузатилади.
Кўпинча фарзандининг дори қабул қилишидан бехабар ота-оналар ўғлим ёки қизим агрессив, бетоқат ёки одамови бўлиб қолди, бир текшириб кўринглар, деб бизга мурожаат қилишади.
– Бундан кўринадики, ота-оналар кўпроқ фарзандларининг хулқ-атвори, ўзини тутишини кузатишлари керак эканда?
– Психотроп дори ичган пайтда боланинг кўз қорачиқларида ўзгариш бўлади. Шунинг учун айрим ёшлар дори қабул қилган пайтда бундай кўринишда уйига бормайди. Дорининг симптоматикаси ўтиб кетганидан сўнг ота-онасининг ёнига боради. Шунинг учун ота-оналар қизлари, ўғилларининг хулқ атворига эътибор беришлари, назорат қилиш эмас, улар билан дўстона суҳбатлашиб туришлари керак.
– Болалар кўпинча ўсмирлик пайтларида ҳам агрессив бўлиб қолади. Ўсмирлик инжиқликлари билан дори таъсирини қандай фарқласа бўлади?
– Кучли таъсир қилувчи дорига ўрганган бола кўпинча уйига кеч келади, уйқусиз, асабий бўлади, бирор гап айтсангиз агрессив ҳолатда жавоб беради. Боланинг ўзини бундай тутишини ўсмирлик ёшидаги инжиқликлар билан адаштирмаслигимиз, яъни фарқлашимиз керак.
Психотроп дориларни истеъмол қиладиган ёшларга ота-онаси маслаҳат берса, умуман қулоқ солмайди. Атрофидаги ҳамма унга шубҳа билан қараётгандек туюлади. Дори таъсирига тушиб қолган инсоннинг миясида шу моддани қайси йўл билан топсам экан, деган фикрдан бошқа нарса бўлмайди. Ҳаттоки, ота-онасининг касал бўлиб қолгани ҳам қизиқтирмайди.
Ўсмир ёшдаги фарзандларга қандайдир маслаҳат берсангиз улар эшитади, маслаҳатингизга қулоқ солади. Шундан фарқлаб олса бўлади.
– Кейинги пайтларда кўпроқ қандай тоифадаги инсонлар сизга мурожаат қилишяпти?
– Аксариятимизда психотроп моддаларга кўпроқ бадавлат яъни пули бор одамлар кириб қолади, деган қараш бор. Асло ундай эмас. Дорига тобелик тоифа танламайди. Тиббиётда бундай дориларни истеъмол қилишнинг 3 та омили бор. Улардан энг асосийси ижтимоий омил. Бунда кўпроқ атроф- муҳитдагиларнинг таъсири кучли бўлади. Ҳозирги пайтда маънан ёлғиз қолган болаларни атроф-муҳитдан овлашяпти. Шундай болаларни биринчи бепул тарзда ўргатишади. Дорига жисмоний ҳамда руҳий тобе бўлганидан сўнг энди бу бола ўша модда учун пулни жиноят қилиб бўлсаям топиб келади.
Дорига ружу қўйиш фақат ўғил болалар ўртасида эмас, қизлар орасида ҳам кўпайган. Охирги пайтларда ота-оналар қизларини олиб келиб текшириб беришимизни илтимос қилишяпти. Текширувлар натижасида дори истеъмол қилаётганлари аниқланяпти. Бу – аянчли ҳолат. Олдини олмасак, тушунтириш ишларини, шу мавзудаги кўрсатувларни кўпайтирмасак, оқибати яхшиликка олиб келмайди.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалига беморлар ўз хоҳишлари билан келишади. Уларнинг аксарияти – 13-16-17 ёшдаги ўсмир болалар. Ўсмирларнинг орасида “дори истеъмол қилишдан чарчаб кетдим, кўчага чиқсам, атрофимдаги дўстларим дори истеъмол қилмагунимча тинч қўймайди, қутқаринглар”, деб келадиганлари ҳам бор. Демак, энг аввало, атроф-муҳитни тозалаш керак.
– Мурожаат қилувчиларга қандай ёрдам берасизлар?
– Биринчи навбатда, улар билан психологик контакт ўрнатамиз. Психологик контакт ўрнатилганидан сўнг бемор биз билан дилдан суҳбат қуришни бошлайди ва ҳаммасини бирма-бир айтиб беради. Дорига ўрганиб қолиш сабабини айтиб берганидан сўнг уларнинг хоҳишига қараб даволаймиз. Хоҳласа кундузги бўлимга қатнаб, истаса ётиб даволанишни танлайди. Бундай инсонларни фақатгина дори-дармонлар орқали эмас, кучли психотерапия ишларини олиб бориш билан даволаймиз. Чунки дори орқали даволаш жисмоний тобеликни даволаши, яъни оғриқни қолдириши, психотроп моддага бўлган хоҳишни пасайтириши мумкин. Асосий қисми беморнинг руҳияти яъни миясида бўлгани учун кўпроқ психотерапия методлари ёрдамида шуғулланамиз.
– Кучли таъсир қилувчи дориларга ўрганиб қолиш қандай оқибатларга олиб келади?
– Кучли таъсир қилувчи дориларга ўрганиб қолиш организмни, энди ривожланаётган ўсмирларнинг, энг аввало, миясига, юрак-қон томирларига, сийдик ажратиш йўлларига салбий таъсир қилади. Айтишадику, заҳарнинг бир томчисиям заҳар, деб.
Психотроп дориларни қабул қилган ёшлар организмида яллиғланиш касалликлари қўзғайди. Шундай ёшларнинг кейинги ҳаётларида бепуштлик ҳамда онкологик касалликлар аниқланаётгани янада ачинарлидир.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/98X11GDanLw" title="Психотроп дори воситаларига ўрганиб қолаётган ёшлар келажаги хавф остида" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов (видео), ЎзА.