Андижон вилоятидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари психологлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишган эди.
Таклиф этилган тақдимотда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилаш, даромадини ошириш билан боғлиқ қатор масалалар ўрин олган.
Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни амалга оширишда, энг аввало, аҳолининг психологик эҳтиёжларини қондириш, фуқаролар билан профессионал иш ташкил этган ҳолда уларга самарали хизматлар кўрсатиш, хусусан, жойлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг психолог ходимлари томонидан манзилли кўмаклар кўрсатилиши муҳим эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, тақдимотда ҳудудлардаги психолог ходимларнинг иш самарадорлиги ва малакасини ошириш, фаолиятини янгича ёндашувлар асосида олиб бориши юзасидан мутасаддиларга қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.
[gallery-18765]
Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган семинар-тренингда вилоятдаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг псхологлари иштирок этиб, ўзларининг билим, малака ва кўникмаларини бойитди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Акмалжон Тўланов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг психологи Бобуржон Абдуллаев иштирокчиларга белгиланган, хусусан, ижтимоий ҳимоя борасидаги ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш юзасидан зарур билим, кенг маълумотлар берди.
–Семинар-тренинг давомида фаолиятимизга оид кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи Нилуфар Холдарова. – Ўрганганларимиз келгусида, албатта, фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради.
Семинарда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари