Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ижтимоий-психологик хизмат ва касб-ҳунарга йўналтиришда инновацион ёндашув” мавзусида психологлар форуми бўлиб ўтди.
Таълим тизимида фаолият юритаётган психологларнинг ижодий фаоллигини ошириш, қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда сўзга чиққанлар “Психологик хизмат, касб-ҳунарга йўналтириш тизимида амалга оширилаётган ишлар”, “Вояга етмаган ёшлар орасида содир этилаётган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш”, “Таълим сифатини оширишда амалиётчи психологларнинг ўрни” мавзуларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
–- Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар янги сифат ва самарадорликка эришиш имкониятларини бермоқда, – дейди Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази бўлим бошлиғи Ҳаёт Фозилжонов. – Бугунги кунда тизимдаги долзарб масалаларидан бири умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик хизмат кўрсатиш ишларини узлуксиз такомиллаштириб бориш ҳисобланади. Бунда ташхис марказимиз томонидан 2023-2024 ўқув йили учун янгича ёндашув, яъни янги замонавий таълим модели асосида истиқболли режалар белгилаб олинган. Жумладан, паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш мақсадида республика миқёсида 50 та туманда 200 та мактаб танланган ҳолда таъсир этувчи омиллар аниқланиб, таҳлилий маълумотлар асосида коррекцион ишлар ташкил этилади. Мактабларда таълим тизимидан чиқиб кетишнинг олдини олиш мақсадида ижтимоий ҳимояланмаган оилалардаги вояга етмаганлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилиб, педагоглар учун 2 та коррекцион дастур ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
“Ўқитувчи” йўналишида руҳий саломатлик муаммолари билан боғлиқ хабардорликни ошириш мақсадида UNESCO ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш” ҳамда UNICEF халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Мактабларда ўз жонига қасд қилиш ҳақида хабардорлик, олдини олиш” мавзуларида марказнинг trainingspace-tashxis.uz платформаси орқали онлайн ўқув курслари ташкил этилади. “Ижод” йўналишида ўқитувчиларнинг касбий стресс ва эмоционал сўниш ҳолатлари профилактикаси диагностикаси ўтказилиб, педагогларнинг руҳий саломатлик борасидаги иш самарадорлигини оширишга эришилса, “Саломатлик” йўналишида таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш ишлари олиб борилади.
Зўравонлик ҳолатларини аниқловчи сўровномалар ишлаб чиқилиб, семинар-тренинг машғулотлари ўтказилади ва 700 нафар психолог тренер сифатида ўқитилади. Улар орқали 13 минг 864 нафар психолог ва 202 минг нафардан зиёд педагог қамраб олинади. Шунингдек, замонавий таълим моделларининг “Тарбия”, “Соғлом муҳит”, “Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш”, “Инклюзив таълим” йўналишларида ҳам бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Форум доирасида ўқувчи-ёшларнинг ижтимоий ва интеллектуал ривожланишини таъминлашда ҳамда касб-ҳунарга йўналтиришнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этишда ютуқларга эришган бир қатор амалиётчи психологлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири