French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Процессуал ҳаракатларда шахснинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади
11:12 / 2020-08-14

Фармон билан суд-тергов жараёнида янги тартиблар ўрнатилмоқда.


Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Хусусан, суд, тергов, терговга қадар амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларда шахснинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши учун ҳуқуқий асослар яратилди. 

Президентимизнинг жорий йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам суд-тергов фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган. 

Фармон билан суд-тергов жараёнида янги тартиблар ўрнатилмоқда. Хусусан, терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш илтимоснома асосида 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт. Бу вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига ҳам тааллуқли. Бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланади. 

Ушбу тартиб орқали терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахс ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказишнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки уларга нисбатан зўравонлик қилинганлиги билан боғлиқ мурожаатлар кўрилганда, бундан буён улар мустақил шифокор кўригидан ўтказилади.

Шунингдек, вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Терговга қадар текширув ёки тергов жараёнида айб эълон қилинган шахс, агарда аҳолининг юқорида қайд этилган қатламларига кирса ҳамда унинг содир этган жинояти учун жазо фармонда белгиланган меъёрларга тўғри келса, бундай ҳолатда ушбу шахс очиқда бўлади. Унга нисбатан бошқа тарздаги эҳтиёт чораси (гаров, муносиб ҳулқ-атворда бўлиш) қўлланилади. 

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор нормалар жорий этилмоқда. Жумладан, ярашув институтини қўллаш доираси кенгайтирилмоқда. Ярашувни қўллаш мумкин бўлган ҳолларда жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганидан қатъий назар, уни қўллаш мумкин бўлади. 

Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини юқори даражада ҳимоялашга хизмат қилади. 


Дилзодахон Довудова,
Бош прокуратура Академияси 
катта ўқитувчиси.