Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Прокурорларнинг судларга киритган протестлари қандай натижа кўрсатди?
09:47 / 2024-01-31

Бош прокуратура томонидан иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, иқтисодий судларнинг биринчи инстанциясида ўтган йили 269 минг 630 та иш кўрилган, уларнинг 11 мингга яқинида прокурорлар қатнашган.  

Прокурорлар судларга жами 1,1 триллион сўмлик 12 минг 285  даъво аризаси киритган. Ушбу даъволарнинг 11 минг 56 таси қаноатлантирилган.  

Юқори босқич судларида 9 минг 608 иш қайта кўрилган. Уларнинг 2 минг 467 таси бекор қилинган ё ўзгартирилган, 217 таси прокурор протести асосида қонунга мувофиқлаштирилган.  

Иқтисодий судларда солиқ қарзини ундириш ва молиявий жарима қўллаш ҳақидаги аризаларнинг кўриб чиқилиши ўрганилди. Унда судларнинг 56 та қарори прокурор протести асосида қонунга мослаштирилди. Шу билан бирга, 34,5 миллиард сўмлик солиқ ва жарималар давлат бюджетига ундирилиши таъминланди. Прокуратура ташаббуси билан судларга 160 миллиард сўмлик 470  даъво аризаси киритилди.  

Қонунбузилиши юзасидан бир жиноят иши қўзғатилди, 3 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди. Қонунбузилишининг сабабларини бартараф этиш тўғрисида 14  тақдимнома киритилди.  

Иқтисодий судларда ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ерларни қайтариш ҳақидаги аризаларнинг кўриб чиқилиши ўрганилиб, судларнинг 33 та қарори прокурор протести асосида қонунга мувофиқлаштирилди. 540,5 гектар ер давлат захирасига қайтарилди. 4 минг 617 гектар ерни қайтариш бўйича судларга 361  даъво аризаси киритилди. Қонунбузилиши юзасидан 8 киши маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.  

Иқтисодий судларда энергия ресурслари бўйича қарзларни ундириш юзасидан нотўғри чиқарилган 21 қарор прокурор протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилди. 93,9 миллиард  сўм қарзларнинг ундирилиши таъминланди.  

Мазкур йўналишда прокуратура ташаббуси билан судларга 122,3 миллиард сўмлик 1 минг 646 даъво аризаси киритилди. Қонунбузилиши юзасидан 7 та жиноят иши қўзғатилди. 29 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди. 

Бош прокуратура ўтган йили Олий суд пленумининг қарори лойиҳаларига суд амалиётидаги муаммолардан келиб чиқиб 35 таклиф берган. Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.  

Н.Абдураимова, ЎзА