English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Прокурорлар масъул секторларда “Намунавий хонадон”лар ташкил этилмоқда
11:51 / 2022-01-24

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш борасида кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилди. Барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолият бошлади.

Президентимиз томонидан жорий йил 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги аниқ чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Юртбошимиз мутасаддилар олдига экин ерларини ажратиш ишларини танқидий муҳокама қилиб бориш, аҳолини паррандачилик, қўй-эчкичилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик билан банд қилиш учун етакчи тадбиркорларни жалб этиш, мавжуд имкониятларни ўрганиб, тадбиркорлар иштирокида маҳаллаларни инкубатор билан таъминлаш, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли сотиб олиш тизимини ташкил этиш вазифасини қўйди.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Навоий вилоятида прокурорлар секторларида “Намунавий хонадон”лар ташкил этиш борасида келишиб олинди.

2-сектор раҳбарлари бошчилигида тегишли корхона-ташкилот раҳбарлари билан биргаликда аҳоли шарт-шароитларини янада яхшилаш, уларнинг даромадларини ошириш мақсадида МФЙларда уйма-уй юрилиб, таклиф ва муаммолар ўрганилмоқда.

Амалий натижа сифатида эса сектор раҳбарлари ҳар бир туман ва шаҳардан биттадан хонадон танлаб олиб, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиб бермоқда. Жумладан, аҳоли хонадонларига жойида интенсив енгил конструкцияли балиқхона, асаларичилик билан шуғулланиш учун шароитлар яратилмоқда. Қорамолчилик ва паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Конимех тумани прокурори секторидаги “Шўртепа” маҳалласида яшовчи фуқаро Юсуф Ҳайитовнинг хонадони “Намунали хонадон” сифатида танланди.

– Хонадонимизда 1 сотихли иссиқхона мавжуд, полиз экинлари ва кўкатлар экилган, 12 қути асалари, 5 та қўй ва 2 та қорамолим бор, – дейди хонадон соҳиби. – Сектор раҳбари ёрдами билан хонадонимизга 25 тагача балиқ парвариш қилинадиган сунъий ҳовуз ташкил этилди, 100 дона товуқ, 1 та инкубатор аппарати олиб берилди.

Шунингдек, вилоят прокуратураси амалий ёрдами билан тумандаги “Наврўз” маҳалласида яшовчи кам таьминланган А.Пўлатов хонадонига намунавий тарзда 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди, 100 дона товуқ, 10 дона қуён олиб берилди.

Бу жараён вилоятнинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда.

Жумладан, Кармана тумани “Арабхона” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусен Нуримовга 4 дона қўй ва 50 дона товуқ, 2000 дона броллер жўжа олиб берилди. Навбаҳор туманидаги “Чорвоқгузар” маҳалласида яшовчи Озод Рўзиев ўз хонадонида 1,5 сотихга интенсив балиқ ҳовузи ташкил қилган. Унинг хонадони “намунавий хонадон” сифатида танланиб, унга 52 дона товуқ, 10 дона қуён, 10 дона эчки ва 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди.

– Ҳозирда Навоий шаҳар “Ишонч” МФЙ ҳудудидаги “Боғишамол” дала ҳовлиларда яшовчи ижтимоий ҳимояга мухтож Р.Садиковнинг хонадонида иссиқхона қурилиши бошланди, – дейди шаҳар прокурори Худойберди Норқобилов. – Хонадон соҳибининг қўшимча даромад манбаини яратиш мақсадида унга яна 50 дона товуқ ҳам олиб берилди.

Прокурорлар томонидан маҳалла фаоллари билан келишган ҳолда “Намунали хонадон”лар танлаб олинди. Бу уйларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, томорқасидан фойдаланиш учун шароит яратиб берилди.

Хонадонларнинг қўшимча даромадини ошириш мақсадида йирик ва майда шохли моллар, қуён, товуқ, асалари уяси олиб берилиб, 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди. Энди эса хонадон соҳиблари яратилган шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда ўз даромадларини ошириб, турмуш шароитларини янада яхшилаб олиши лозим.

Албатта, бугун олиб борилаётган ҳар бир ҳаракат, белгиланаётган ҳар бир чора-тадбир замирида инсон манфаатлари ётибди. Қачонки аҳолининг турмуш фаровонлиги янада яхшиланар экан, давлатда ривожланиш ва юксалиш бўлади.

Абдували Бўриев, ЎзА