English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Прокуратурада очиқ эшиклар куни
17:27 / 2025-01-31

Самарқанд вилояти прокуратурасида “Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш” концепцияси доирасида очиқ эшиклар куни ҳамда пресс-тур ўтказилди.

Самарқанд давлат университети юридик факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда прокуратура ходимлари иштирок этган тадбирлар аввалида вилоят прокурори ўринбосари Д.Саидқулов ва бошқалар вилоят прокуратураси органларининг фаолияти, кейинги йилларда тизимда амалга оширилган янгилик ва ўзгаришлар, ишга қабул қилиш тартиблари ҳамда ходимлар билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар, улар учун шароитлар ҳақида маълумот бердилар.

– Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида кўрилган чоралар, шунингдек, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг доимий равишда ўрганилиши натижасида 20 мингга яқин прокурор назорат ҳужжати қўлланилди, 15 минг 800 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Муҳаррам Ҳамроева. – Прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси асосида 4066 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилди, ноқонуний қарорларга нисбатан 3658 та протест келтирилиб, судларга 95 миллиард сўмлик 4976 та даъво аризаси киритилди.

[gallery-21537]

Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 492 миллиард сўмлик зарарлар ундирилиб, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 1186 та жиноят иши қўзғатилди.

Прокурорлар раҳбарлигидаги 2-секторлар амалий ёрдами билан ўтган йил 63,1 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ҳамда фаолиятни кенгайтириш мақсадида 4153 нафар фуқарога 182,6 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Прокурорларнинг шахсий ташаббуси билан 535 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 390 тасининг фаолияти қайта тикланиши натижасида 860 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, секторлардаги маҳаллаларда 17 та мактаб, 11 та боғча, 19 та маҳалла биноси, 5 та оилавий шифокорлик пункти, 35 та болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳлари, 43 та “воркаут”, 9 та нуронийлар чойхонаси янгидан қурилди, 140 та ижтимоий соҳа объектида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Тадбир доирасида прокуратура органларига ишга қабул қилинган 3 нафар ёш ходимнинг қасамёд қабул қилиш ва уларга даражали унвон топшириш маросими ўтказилди. 

Қонунчиликни тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда прокуратура органлари фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётган оммавий ахборот воситалари вакилларига вилоят прокурорининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Самарқанд давлат университетига Бош прокуратура томонидан тайёрланган, қатағон йилларида ноҳақ айбланган прокуратура органлари ходимлари ҳаёт йўли ва хизмат фаолиятига бағишланган “Тарихий хотира беқиёс” китобининг биринчи ва иккинчи жилдлари топширилди.

Вилоят прокуратураси раҳбарлари ва талабалар учрашувида ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди. 

– Болалигимдан прокурор бўлишни орзу қилганман, – дейди Самарқанд давлат университети ҳуқуқшунослик факультети талабаси Сухроб Бекбирганов. – Қонун ҳимоясида туриш, давлат ва жамиятнинг манфаатларини ҳимоя қилиш олий мақсадим. Унга эришиш учун ҳуқуқшунослик йўналишида ўқияпман. Вилоят прокуратураси, прокурорларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳага меҳрим янада ошди. 

Тадбир давомида иштирокчилар вилоят прокуратураси музейи ва кутубхонаси, криминалистика автомашинаси, махсус тергов хонаси, ходимларнинг хизмат фаолияти, прокуратура органларида ташкил этилган штаблар фаолияти билан яқиндан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари.