8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни
2016 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, 8 январь – Ўзбекистонда прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланган. Шундан бери бу сана юртимизда кенг нишонлаб келинмоқда.
Прокуратура органлари – мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил фаолият юритмоқда.
Прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Ижтимоий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Иқтисодий соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш, яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли усул ва каналларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш борасида тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга қонун устуворлиги, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
[gallery-27031]
Прокурорларнинг суд процессларидаги иштироки, коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чоралар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, тергов ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Соҳа ходимларининг машаққатли ва масъулиятли фаолиятида эришилаётган шу каби ютуқлар сана муносабати билан “Туркистон” санъат саройида ташкил этилган тантанали тадбирда эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Қутловда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улар халққа яқин бўлиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бевосита жойларда таъминлаётган тизимга айлангани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан, 29 мингга яқин тадбиркорнинг масалалари ижобий ҳал этилгани прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли профилактика ишлари асосида оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробар камайди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида минглаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган катта миқдордаги зарарлар ундирилди.
Президентимиз табригида рақамлаштириш, кибержиноятларга қарши курашиш, тергов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш долзарб вазифа экани алоҳида таъкидланди. Прокуратура ходимлари қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлиши, халқ ишончини оқлаши зарурлиги қайд этилган.
Тадбирда Президент фармонига кўра орден ва медаллар билан тақдирланган прокуратура ходимларига Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Хакимова ушбу юксак мукофотларни топширди.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири