Жамоат хавфсизлиги университети ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қайд этилганидек, прокуратура органларининг университет билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида яқин ҳамкорлигини ўрнатиш мақсадида ташкил этилган меморандум доирасида назарий ва амалий тайёргарликни уйғунликда олиб бориш, шахсий таркибни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, томонлар ўртасида кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилади.
Университет таълим олувчиларига ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўргатилади.

Фаолиятнинг асосий йўналишлари билан таништириш мақсадида прокуратура органларида университет таълим олувчилари учун семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, очиқ эшиклар куни тадбирлари мунтазам ташкил этилади.
Шунингдек, университет таълим олувчилари ўртасида қонун ҳужжатларини билиш, уларни қўллаш, таҳлилий маълумотларни тайёрлаш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш бўйича ҳамда спорт ва бошқа мусобақалар ўтказилади. Прокуратура органлари ходимлари университетда машғулотлар ўтказишга кенг жалб этилади.

Меморандум доирасида таълим-тарбия, илмий тадқиқот ва амалий фаолиятнинг сифатини ошириш бўйича ўқув моддий-техник базаларини мустаҳкамлашда ҳам ҳамкорлик қилиш белгиланган.
Тадбир якунида томонлар ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида манзилли йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ижрога қаратишга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА