Самарқанд вилояти прокурори Ж.Ҳатамовнинг вилоят прокуратура органлари томонидан 2022 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига тақдим этган ҳисоботида қайд этилишича, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида 67173 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг маҳаллабай хатлови ўтказилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш, тиббий-ижтимоий хизматларини ривожлантириш бошқармалари ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза ходимлари жалб қилинган ҳолда ўтказилган хатлов жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг 1921 нафари ўзгалар ёрдамига мухтожлиги, 24 нафарини “Мурувват”, “Саховат” уйларига жойлаштириш лозимлиги, 1005 нафари турли реабилитация техник воситаларига, 6327 нафари моддий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган.
Шунингдек, 2961 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий дафтарларда рўйхатда туриши, 14 нафари уй-жойи йўқлиги сабабли ижарада яшаётгани маълум бўлди. Уларнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилганда 1869 нафари реабилитация марказида, 251 нафари санаторияларда даволаниши лозимлиги қайд этилди.
Хатлов жараёнида ногиронлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да ногиронлик белгиланмаган 41 нафар бемор аниқланиб, уларнинг тиббий ҳужжатлари тегишли идораларга йўналтирилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид қонун ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш тўғрисида мутасадди идоралар раҳбарлари номига 17 та тақдимнома, 24 та протест киритилиб, 3 та маъмурий иш қўзғатилди ҳамда 24 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА