Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Прокуратура ишчи гуруҳи қарорлар ижросини ўрганди
09:20 / 2025-11-27

Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 март куни ўтказилган коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида берган топшириқлари ижроси ўрганилмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ва Пастдарғом туманлари прокуратуралари ҳамда ички ишлар бўлимлари ҳузуридаги тергов бўлинмалари терговчилари ҳамда суриштирувчилари иш юритувидаги терговга қадар текширув материаллари ва жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиши ўрганилди. Ҳудудда содир этилган кибержиноятларни фош этиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи муҳокама қилиниб, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, амалиётдаги мавжуд муаммоли масалалар танқидий кўриб чиқилди.

Тергов сифатини янада яхшилаш, далилларни ўз вақтида олиниши ва расмийлаштирилишида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда жиноят процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши зарурлиги таъкидланди. Жиноят оқибатида етказилган зарарнинг дастлабки терговда ундирилишига қаратилган барча процессуал ҳаракатларнинг амалга оширилиши, тергов сифати ва иш самарадорлигини кучайтириш мақсадида терговчилар, хусусан, ёш мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш юзасидан соҳа раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш, республикадаги криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этишга доир қарорлари ижроси ҳам ўрганилди.  

Хусусан, Каттақўрғон ва Булунғур туманларида мазкур қарорлар ижроси бўйича тузилган ҳудудий идоралараро мувофиқлаштирув штаблари томонидан амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди. Ўрганиш чоғида “маҳалла еттилиги” ва ижтимоий профилактикага масъул бўлган мутасаддиларга “Йўл харита"лар ижросини белгиланган муддатларда сифатли таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирлар ўтказилишини жадаллаштириш, маҳаллаларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, пробацияда турган шахсларнинг ижтимоий муаммоларини мунтазам ҳал қилиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ижтимоий профилактика тадбирлари давомида аниқланган аёллар ва ёшларнинг муаммоли масалаларини ҳудудда кичик ишчи гуруҳлар тузган ҳолда “фуқаробай” ишлаш орқали қисқа муддатларда қонуний ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди ва вазифалар ижроси назоратга олинди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири