French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профилактика хизматлари фаолияти такомиллаштирилмоқда
20:16 / 2026-01-31

Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, ходимларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Навоий вилоятида кенг қамровли амалий ўқув машғулоти ташкил этилди.

Мазкур ўқув машғулотларида умумтаълим мактабларига бириктирилган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ҳамда олий таълим муассасаларига бириктирилган профилактика инспекторлари иштирок этди.

– Ўқув жараёнлари давомида иштирокчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, профилактик фаолиятда психологик ёндашувларни тўғри қўллаш, шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар билан ишлашда самарали ва замонавий усуллардан фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов. – Машғулотларда профилактика тадбирларини амалга оширишда инсон омилини инобатга олиш, муаммоли вазиятларга индивидуал ёндашувни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, соҳада қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Бу эса профилактика хизматлари ходимларининг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Амалий машғулотлар интерактив тарзда ташкил этилди. Ҳаётий мисоллар асосида тажриба алмашиш, муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш ҳамда уларга ечим топиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Иштирокчилар ўртасида фаол мулоқот ўрнатилиб, профилактика фаолиятида учраётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур ўқув машғулотлари профилактика хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

А.Бўриев, ЎзА