Жорий йил январь ойида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси экани алоҳида қайд этилди.
Ҳақиқатан шундай. Чунки, профилактик чоралар жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Ички ишлар органларида профилактика хизмати ташкил этишдан мақсад ҳам шу. Қолаверса, соҳани халққа янада яқинлаштириш.
Президентимиз ушбу соҳада айрим муаммолар йиғилиб қолганини танқид қилиб, уларнинг фаолиятини бугунги кун талабларига мослаштириш бўйича топшириқлар берди.
Эндиликда маҳалла профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўладиган имконият яратилади.
Қўйилаётган топшириқлардан келиб чиқиб, соҳа ходимлари ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиб, янгича асосда ишлашга ҳаракат қилмоқда.
– Президентимизнинг жорий йил 27 январь куни ўтказган танқидий йиғилишларида ўзим ҳам иштирок этдим, – дейди Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Катта ҳовуз маҳалласи профилактика катта инспектори Фарҳод Абдуллаев. – Унда профилактика инспекторлари хизмати самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, хизмат ходимлари учун катта имкониятлар яратилишига, яна қўшимча ваколатлар берилишига ҳам урғу берилди. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, маҳалламиз беш йил давомида “қизил ҳудуд”да бўлган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. “Маҳалла еттилиги” саъй-ҳаракати билан 2025 йилда маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Бунда, хавфсиз ҳудуд, хавфсиз хонадон тамойили аосида иш юритилаётгани, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга ҳаракат қилинаётгани натижасини бермоқда. Бу жараёнда бизга пост-патруль хизмати ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Бундан кейин ҳам фаолиятимизни кучайтириб, жиноятчиликка йўл қўймасликка ваъда берамиз. Президентимизнинг ишончини оқлаймиз.
Айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳар профилактика инспекторлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олишга эътибор қаратилмоқда. Содир бўлаётган жиноий хатти-ҳаракатларни вақтида аниқлаб, уларни жойида муҳокама қилиш, шундай жиноят қайта содир этилмаслигига ҳаракат қилинмоқда.
2025 йил давомида Тошкент шаҳар профилактика инспекторлари томонидан 671 жиноят фош этилган. 13 минг 455 совуқ қурол олиб юриш ҳолатлари аниқланиб, уларнинг барчасига маъмурий чора кўрилган. 896 нафар профилактик ҳисобда турган тажовузкор руҳий касаллар, гиёҳвандлар ва спиртли ичимликка ружу қўйганлар мажбурий даволанишга ётқизилган.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида 3 минг 141 нафар аёлга “Ҳимоя ордери” берилган. 375 нафари ишга жойлаштирилган.
Мингдан зиёдига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилган. 83 нафари тиббиёт диспансерига юборилди. 43 нафари таълим муассасаларига қайтарилган. 62 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилган. 3,7 минг низоли оила ўрганилган бўлса, 3 минг 12 низоли оиланинг нотинчлигига барҳам берилган.
Бу каби чора-тадбирлар пойтахтда хавфсиз муҳитни яратиш, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлашга хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/84dlwKGk-Es" title="Profilaktika xizmati qanday faoliyat yuritmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА