Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профилактика ва скрининг устувор йўналишга айланди
15:00 / 2026-01-05

Ўтган 2025 йилда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида тиббиёт соҳасида профилактика ва скрининг тадбирлари кенг кўламда амалга оширилди. Туман тиббиёт бирлашмаси маълумотларига кўра, аҳолини профилактик кўриклардан ўтказиш ва касалликларни эрта босқичда аниқлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдували Шаматовнинг билдиришича, амалга оширилган чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини назорат қилиш, хавф гуруҳларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида тиббий кузатувга олиш имконини берди. Натижада айрим касалликлар оғир асоратларга етмасдан, илк босқичда аниқланмоқда.

Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 30–65 ёшли аёллар кўкрак бези саратонига, 30–50 ёшлилар бачадон бўйни саратонига қарши скрининг текширувларидан ўтказилди. Бу тадбирлар доирасида минглаб аёллар тиббий кўрикдан ўтиб, саломатлик ҳолати баҳоланди. Шунингдек, 1 027 нафар ҳомиладор аёл пренатал скринингдан ўтказилди.

Профилактик кўриклар аҳолининг турли ёш гуруҳларини қамраб олди. Хусусан, 18–40 ёшли 29 647 нафар фуқаро умумий тиббий кўрикдан ўтказилди. 40 ёшдан катта аҳоли ўртасида эса юрак-қон томир касалликлари ҳамда қандли диабетни аниқлашга қаратилган текширувлар амалга оширилди. Ушбу жараёнда қандли диабет билан назоратда турган 22 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий соҳа билан ҳамкорликда ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Ногиронлиги бўлган болаларнинг 86 фоизи ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Шунингдек, 17 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бола жамиятга интеграция қилинди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 45 нафар шахс тегишли ижтимоий хизматларга йўналтирилди.

Аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этиш мақсадида оммавий спорт тадбирлари ташкил этилди. Маълумотларга кўра, аҳолининг 32 фоизи оммавий спорт тадбирларида иштирок этди. Шу билан бирга, 8 минг нафар ёш турли спорт мусобақаларида қатнашди.

–  Профилактик текширувлар ва замонавий диагностика аҳоли саломатлигини сақлашда асосий омил бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга, спорт ва соғлом турмуш тарзи кўплаб касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади, –  дейди А. Шаматов.

Болаларни инфекцион касалликларга қарши эмлаш ишлари ҳам белгиланган режа асосида олиб борилди. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ҳамда реабилитация хизматлари бўйича ўқувлар ташкил этилди.

Мутахассислар фикрига кўра, профилактика ва скрининг тадбирлари жорий йилда ҳам давом эттирилиб, нафақат туманда, балки вилоят миқёсида ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ишлар изчил олиб борилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири