Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профилактика инспекторлари – маҳалланинг ички ишлар органларидаги ҳақиқий вакили
10:01 / 2021-12-16

Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда

Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уни мутлақо янги, замонавий босқичга кўтариш, соҳа ходимларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида мавжуд маҳаллаларнинг ҳар бирида камида бир нафардан профилактика инспектори фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қўшимча 2,8 мингдан зиёд штат бирлиги ташкил этилди. 

Ички ишлар органлари шахсий таркиби зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажариш учун ҳар бир ходим кенг дунёқарашли, юксак маънавият соҳиби бўлиши лозим. Ана шу мақсадда Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарори билан Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда ички ишлар органлари амалиётида илк бор еттита вазирлик ва идора билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Буларнинг барчаси шахсий таркиб билан ўтказиладиган маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишларни янада кучайтириш имкониятини яратди.  
Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар ҳафтанинг жума куни “Ватанпарварлик куни” тадбирлари ташкил этилиши анъана тусига кирди. Идоравий таълим муассасаларида эса “Ватанпарварлик асослари”, “Маънавият асослари”, “Ватанпарварлик тарбияси”, “Касбий маданият” каби фанлар ўқитилиши жорий этилди. Ўтган қисқа давр ичида 60 мингдан ортиқ турли маънавий-маърифий ва маданий тадбир, давра суҳбатлари, тарбиявий-профилактик ҳамда тарғибот-ташвиқот йиғинлари ўтказилди.  

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ички ишлар вазири раислигида Маънавият ва маърифат кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. Кенгаш аъзолигига таркибий ва ҳудудий бўлинмаларнинг 50 нафар раҳбари киритилди. Авваллари ушбу ишлар билан фақат кадрлар бўлинмалари шуғулланган бўлса, эндиликда барча тоифадаги раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. 

Бугунги кунда ходимларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ички ишлар органларида жами 22 та музей ва 351 та “Маънавият ва маърифат” хонаси фаолият кўрсатмоқда. 

Юртимизда ёш авлодга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Чунончи, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз бермоқда. Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйича ички ишлар органларида вояга етмаганлар масалалари бўйича жами 1100 та инспектор-психолог лавозими жорий этилди ва уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи сифатида умумий ўрта таълим мактаблари белгиланди.  

“Маҳалла – ҳам онанг, ҳам отанг” ҳикмати бежиз айтилмаган. Маҳалланинг тарбия маскани сифатида янада шаклланишига барча бирдек ҳисса қўшмоғи лозим. Шуларни ҳисобга олган ҳолда маҳалла ва қишлоқларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга ошириш, шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида биргаликда ишлашини ташкил этиш мақсадида Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тузилмаси жорий қилинди. Ушбу масканда профилактика инспекторлари аҳолининг муаммоларини яқиндан ўрганиш мақсадида “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” тамойиллари асосида ишлаш тизимига ўтилди.

Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди. 

Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” устувор ғояси асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.  

Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур соҳавий хизматдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга кўра, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш, вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Жамоат хавфсизлиги департаментининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.  

Ички ишлар органлари, айниқса, профилактика инспекторлари кундалик фаолиятида бевосита аҳоли билан мулоқотда бўлади. Табиийки, фуқаролар турли масалаларда мурожаат этади. Қолаверса, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш учун осойишталик посбони керакли билимларга эга, салоҳиятли кадр бўлмоғи керак. Бу эса улардан, айниқса, чуқур ҳуқуқий билимли бўлишни талаб этади. Шунинг учун фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳри ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади. Бунга эришиш мақсадида профилактика инспекторлари учун ИИВ академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади.  

Ҳужжатда фидойи  ходимларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳри ва вилояти ички ишлар органларидан икки нафардан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан бир нафар профилактика инспектори департамент бошлиғи тақдимномасига асосан ИИВ академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.  

Шу ўринда Президентимизнинг 2021 йил 30 ноябрдаги “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг юридик йўналишдаги билимларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Унга асосан, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб ички ишлар органларида уч йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторларини Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно. Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда контракт маблағлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан Ички ишлар вазирлиги орқали тўлаб берилади. 

Ҳужжатда профилактика инспекторларининг ҳудудда, хусусан, шаҳар ва қишлоқ шароитида фаолият юритиши бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи “шаҳар инспектори” ва “қишлоқ инспектори” моделларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш ва улар бўйича ўқитиш тизимини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, тизимдаги босқичма-босқич ислоҳотлар замирида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш ҳамда юксак маънавиятли ва садоқатли қилиб вояга етишини таъминлаш мақсади ётади. Бу борада ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ички ишлар органларида ташкил этилаётган “Ватанпарварлик бурчаклари” ўрнатилган тартибда жиҳозланишида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Энг асосийси, департамент ташаббуси билан чоп этилаётган турли китоблар ёш ходимларнинг маънавияти ошишида муҳим аҳамият касб этаётир. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги Ўзбекистон шароитида ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, халққа энг яқин бўлган профилактика инспекторлари олдида муҳим вазифалар турибди. Бу вазифаларни самарали бажариш эса улардан касбий маҳорат, бой тажрибадан ташқари чуқур ҳуқуқий билимни ҳам талаб этади. Президентнинг юқорида тилга олинган фармон ва қарорлари ана шу эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади. Қолаверса, ҳар томонлама билимли профилактика инспекторларигина давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, маҳалланинг ички ишлар органларидаги ҳақиқий вакили бўла олади. 

 

Ҳамза МАХСУМОВ, 
Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти 
Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник.