Коррупциявий ҳолатлардан барчамиз нолиймиз. Шу иллат бўлмаса, ҳаммаси яхши бўлар эди, деган фикрдамиз. Аммо орамизда ваколатли шахсларга пора тақдим этаётганлар ҳам бор. Мана шунга барҳам берилсагина, жамиятда порахўрлик тўхтайди. Тамагирлик қилган ёки очиқча пора олмоқчи бўлган мансабдор шахслар ҳақида тегишли органларга хабар берилса, шу онда порахўрдан қутулиш мумкин.
Куни кеча Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Call-марказига келиб тушган мурожаат асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида профилактика инспектори пора олган вақтда қўлга олинди.
Бундан олдин Тошкентда Ички ишлар ходими 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги порани олмаган, пора берган шахс эса жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Ички ишлар органлари ходимига 10 минг АҚШ долларини пора тариқасида бераётган шахс қўлга олинган ва ўз вазифасини виждонан бажарган тезкор ходим вазир томонидан мукофотланган.
Тошкент шаҳрида ЙПХ гуруҳ командирига 500 АҚШ долларини пора тариқасида таклиф қилган «Onix» ҳайдовчиси қўлга олинган.
Ички ишлар органлари ходимларининг коррупциявий ҳаракатлари ҳақида маълумотга эга бўлганда, 1102 ёки (71) 234 31 74 рақамларига хабар бериш керак. Хабар берганнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Н.Абдураимова, ЎзА