Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунига асосан фуқароларга тегишли бўлган қуролларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳудудида “Қурол” махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда.
Мақсад, фуқаролар томонидан шахсий қурол ва ўқ-дориларини сақлаш, фойдаланиш тартибларига риоя этилишини текширишдир. Бундан ташқари қурол ва ўқ-дориларнинг ишончли сақланишига тўсқинлик қилувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, жиноят ва бахтсиз ҳодисаларнинг юзага келишига замин яратувчи омилларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли тадбирларни ташкил этиш, аниқланган камчиликлар бўйича ўз вақтида амалий чоралар кўришдан иборат.

Тадбирлар давомида 1987 йилда Мирзаобод туманида туғилган фуқаро Р.Л.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, тегишли рухсатномасиз 14 дона 16 калибрли, “ИЖ” русумли ўқотар қуролга тегишли бўлган патронларни сақлаб келаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди.
Шунингдек, 1986 йилда туғилган Боёвут туманида яшовчи С.З.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилганда, тегишли рухсатномасиз 1 дона 16 калибрли, “ИЖ” русумли ўқотар ов қуроли ва 7 дона гильзаларни сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Гулистон туманида ўтказилган тадбирда 1968 йилда туғилган Р.Г.нинг яшаш хонадонидаги эски омборхонасидан 2007 йилда ишлаб чиқарилган 5 дона жанговар ҳолатдаги сариқ металлдан ясалган патронлари аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА