Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан туман “Мусиқа ва санъат” мактаби биносида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлиси ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Унда ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш вазифалари белгилангани таъкидланди.

Учрашувда Янгиҳаёт, Айрончи, Маликобод ҳамда Ўзбекистон маҳаллаларида жиноятчиликка имкон яратиб бераётган шарт-шароитлар муҳокама қилиниб, уларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, жиноятларни барвақт профилактика қилиш, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Ўтказилган сайёр суд мажлисидан сўнг Ўзбекистон маҳалласи фаоллари ҳамда маҳалла “еттилиги” билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда маҳаллада ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика объектларининг муаммоларини ўрганиш ва белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни соғлом турмуш тарзи ҳамда спортга тарғиб қилиш, ҳудудда соғлом муҳит яратиш борасида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, зарур профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.
А. Бўриев, ЎзА