Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ПРОФИЛАКТИК ТАДБИР: Меҳнат шартномаси бекор қилинган 26 нафар собиқ ходимга иш ҳақи ёзилган
16:35 / 2021-03-24

Нефть базаларида интизомий жазо қўлланган ходимларга мукофот пули, меҳнат шартномаси бекор қилинганларга ойлик маош тўлаб келингани фош этилди, деб маълум қилди “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти томонидан молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларни келгусида йўл қўйилишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давом этмоқда.

Навбатдаги ўрганишлар “Бухоро нефть базаси” ва “Жиззах нефть базаси” масъулияти чекланган жамиятларида ўтказилиб, натижада нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарорига асосан нефть маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилганда етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида “Бухоро нефть базаси” МЧЖда 33 млрд. 463 млн 200 минг сўм, “Жиззах нефть базаси” МЧЖда 35 млрд 42 млн. 700 минг сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Шундан умумий ҳисобда 45 млрд. 293 млн. сўми 2021 йил 1 январь ҳолатига муддати ўтган қарз саналади.

Бундан ташқари, ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида “Бухоро нефть базаси” МЧЖ бўйича 2009–2013 йилларга оид 1 млрд. 783 млн 300 минг сўм, “Жиззах нефть базаси” МЧЖ бўйича 2006–2020 йилларга оид 14 млрд. 133 млн. 500 минг сўм маблағ “умидсиз қарз”га айланган.

Энг ачинарлиси, ёқилғи етказиб берилган Бухородаги 32 та, Жиззахдаги 239 та собиқ хўжаликлар фаолияти бугунги кунда тугатилган ва қарздорликларни ундириш масаласи яна бир қатор муаммоларни туғдириши табиий.

Ўрганиш давомида “Бухоро нефть базаси” МЧЖга қарашли 67 та ФЁТШларда 3 181,6 минг литр, “Жиззах нефть базаси” МЧЖ тасарруфидаги ФЁТШ ва ПАЗСларда 8 038,3 минг литр маҳсулот камомади аниқланди. Шундан бир қисми жараёнда қопланди.

Маблағ иқтисоди, харажатлар режасига амал қилиш борасидаги вазият ҳам ачинарли ҳолатда. Биргина мисол, “Жиззах нефть базаси” МЧЖ томонидан 788 нафар ходимга 806 млн. 915 минг 400 сўмлик компенсация тўловлари ноўрин ҳисоблангани аниқланди. Шунингдек, жамоа шартномасига зид тарзда интизомий жазо қўлланган 23 нафар ходимга 7 985,2 минг сўм мукофот пули тўлаб берилган. Меҳнат шартномаси бекор қилинган 26 нафар собиқ ходимлар номига 33 млн. 857 минг сўм иш ҳақи ёзилган.

Кузатиш давомида ушбу қонун бузилиш ҳолатларига сабаб бўлган асосий бир жиҳат эътиборимизни тортди. Яъни тизимда содир этилаётган аксарият иқтисодий ҳуқуқбузарликларга раҳбар ходимларнинг лоқайдлиги, ўз ишига масъулиятсиз ёндашиши омил бўлмоқда.

Бу эса халқимизнинг “Лоқайдлик – жамият томирига тушган қурт” нақлини яна бир бор тасдиқлайди. Ўрганишларда аниқланган камчиликларни ундириш ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганиш ҳужжатлари тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА