Профессор таҳлилига муносабат: бизга қандай магистратура керак?
2019 йил 19 сентябр куни ЎзА сайтида эълон қилинган СамДУ ректори Р.Холмуродовнинг “Профессор таҳлили – бизга қандай магистратура керак?" мақоласига муносабат...
2019 йил 19 сентябр куни ЎзА сайтида эълон қилинган СамДУ ректори Р.Холмуродовнинг “Профессор таҳлили – бизга қандай магистратура керак?" мақоласига муносабат...
Хитой Халқ Республикасида амалга оширилган муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ташаббускори Дэнь Сяопин “Мушукнинг ранги муҳим эмас, у сичқон овлай олса бас”, деган оддий, аммо пурҳикмат гапни айтган экан.
Хитой давлат арбоби мамлакатни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий йўл-йўриқлари ҳақида айтган бу гапининг таг маъноси шу – ҳар қандай соҳада киритиладиган ҳар қандай янги тизим фақат самарали бўлганида ва аниқ-равшан натижалар бергандагина уни ижобий баҳолаш ва турмушда қўллаш мумкин.
СамДУ ректори Р.И.Халмуродовнинг “Бизга қандай магистратура керак?” мақоласини ўқир эканман, беихтиёр Дэнь Сяопиннинг ўша машҳур гапларини эсладим...
Ҳақиқатан ҳам, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирига келиб, олий таълимнинг беш йиллик тизимидан икки босқичли (бакалавр, магистр) тизимига ўтар эканмиз, бакалаврлар ўзининг малакаси билан анъанавий беш йиллик таълим мутахассисларининг ўрнини босади, деб ўйлаган бўлсак-да, ривожланган Ғарб мамлакатларидан чуқур ўйламасдан ўзлаштирилган икки босқичли бакалавриат ва магистратура тизимининг ҳар иккала босқичи ҳам малакали мутахассислар тайёрлашда кутилган натижаларни бермади.
Олдинги икки босқичли (беш йиллик университет + аспирантура + докторантура) тизимнинг афзаллиги 1997 йилгача бўлган 60-70 йиллик даврда ўзининг самарасини кўрсатган, республикадаги илмий-тадқиқотчилар корпусининг барчаси шу тизимда шаклланган бўлса-да, янги тизимга ўтилди.
Бу янги тизим ўз самарасини мана қарийб чорак асрки, яхши томондан кўрсата олмади.
Проф. Р.И.Холмуродовнинг мақоласида тўғри қайд этилганидек, “магистрлар эса олий таълим муассасаларидаги илмий-педагог кадрлар сафини тўлдиради”, деб ўйланган бўлса-да, аслида беш йиллик мутахассис тайёрлаш тизими у қадар самарали бўла олмади, магистратурани битирган ёшлар олий таълимдаги илмий-педагогик фаолиятга, на илмий-тадқиқот ишларига ярайдиган ҳолга келмади.
Алалоқибат аспирантура босқичини ўз ичига олган “бакалавриат + магистратура + аспирантура” шаклидаги синалган тизимда сифати нари-бери бўлган кадрлар тайёрлашга давом этилди.
Натижада давлатнинг миллиардлаб маблағлари ҳавога соврилди, ОТМлардаги илмий салоҳият тушиб кетди. Буларнинг ҳаммаси олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимига сезиларли салбий таъсир кўрсатди.
Ишлаб чиқаришга борган магистратура битирувчиларида ҳам тахминан ана шундай манзара кузатилди.
Биз бугун 1997 йил форматидаги магистратуранинг тўла илмий билим ва амалий кўникмаларига эга бўлмаган битирувчилари билан на иқтисодиёт соҳаларидаги, на олий таълим ёки инновацион илмий-тадқиқотлар соҳасидаги кадрлар эҳтиёжини сифат ва миқдор жиҳатидан қондира олмаймиз.
Мақола муаллифи тўғри қайд этганидек, бизга касб фанларини чуқур амалий ёндашиш асосида ўзлаштирган, анъанавий атама билан айтганда, халқ хўжалигининг (агрономия, инженерия, педагогика ва ҳ.к.) тегишли соҳаларида фаол ва инновацион хизмат қилиш савиясига қодир магистрлар зарур.
Бундай кадрларни ҳозирги тизимни тубдан яхшилаш, магистратурага қабулни сон ва сифат жиҳатидан оқилона белгилаш ва амалга ошириш, баъзи соҳаларда эса, ҳозирда унутилган стажировка ва ассистентура босқичларини илова этган ҳолда тарбиялаб етиштириш мумкин бўлади.
Шунингдек, магистратурага ҳозирги пайтдагидек бакалавриат босқичи битирувчиларининг 10 фоизини қабул қилиш билан эмас, балки ўртача жаҳон даражасидагидек, 30-45 фоиз энг яхши битирувчиларни қамраб олиш, шу билан бирга уларнинг диссертацион тадқиқотларини илм-фаннинг инновацион тармоқларига йўналтириш орқали сифат кўрсаткичларини жиддий ошириш зарур. Магистратурага кирувчи ёшларнинг ихтисослигига қараб, БМТнинг ишчи тилларидан бирини, айниқса инглиз тилини энг камида IELTSнинг В2 савиясида билишни талаб этиш лозим бўлади. Магистратуранинг дунё стандарти ҳам шуни талаб қилади.
Хуллас, таълимнинг магистратура босқичини такомиллаштиришимиз, бу такомиллашувни маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда 22 йиллик аччиқ тажрибамизнинг берган сабоқларидан ва жамиятнинг энг долзарб эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришимиз зарур.
Энг муҳими, хитой донишманди айтганидек, унинг шакли, давомийлиги ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, жамиятимизнинг малакали мутахассисларига бўлган долзарб эҳтиёжларига мос равишда шакллантиришимиз зарур. Проф. Р.И.Холмуродовнинг юқорида тилга олиб ўтилган мақоласи ўз вақтида ва ечимини кутаётган долзарб муаммога бағишлаб ёзилган чиқиш бўлиб, унда кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишга дарҳол киришиш олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимининг долзарб вазифасидир.
Жўлибой Элтазаров,
филология фанлари доктори,
профессор