Пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида мазкур олийгоҳ ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимовнинг 65 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда санъатимиз вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ва “Турон” Фанлар академияси академиги Ҳамид Қаҳрамон, Ўзбекистон халқ артистлари Бернора Қориёва ва Қодир Мўминов, шунингдек, академия ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Мазкур йиғинда иштирокчилар ректорнинг илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган маърузалари билан қатнашди. Анжуман давомида рақс ва мусиқий ижролар, жумладан, “Зилола”, “Янги Ўзбекистон”, “Гулжамол” ҳамда “Ёронлар” рақслари намойиш этилди.

Эътиборлиси, анжуман доирасида Ш.Тўхтасимов туркий тилли халқлар тарихи, миллий қадриятлари ва маданиятини ўрганишдаги юксак ютуқлари ҳамда уларни халқ орасида тарғиб этишдаги фаоллиги учун Қозоғистон Республикасининг «Дуние таланттары» (“Дунё талантлари”) уюшмаси томонидан “Аҳмад Яссавий” медали билан тақдирланди.


Маълумот ўрнида: Шуҳрат Тўхтасимов 1960 йил 6 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1978 йилда Тошкент хореография билим юртини, 1988 йилда Москва давлат театр санъати институтини тамомлаган. 1980-1984 йилларда А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида балет артисти бўлиб ишлаган. 2002 йилда “Шухрат” медали билан тақдирланган. 2012 йилдан буён ЎзДХА ректори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Унинг 45 йиллик меҳнат фаолияти ёшларни она юртга муҳаббат ва истиқлол ғояларига содиқ тарбиялаш, шунингдек, ўзбек миллий рақс санъатини ривожлантиришдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилиб, 2024 йилда профессор илмий унвони берилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА