Тошкент кимё-технология ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтлари ҳузуридаги Технология ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказларида "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасаси ходимлари ҳамкорлигида интеллектуал мулк соҳаси бўйича илмий фаолиятни жонлантириш юзасидан навбатдаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Мазкур семинарни ташкил этишдан мақсад профессор-ўқитувчиларнинг интеллектуал мулк соҳасида малакасини ошириш, яратилган интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тижоратлаштириш, шунингдек, интеллектуал мулк объектлари бўйича тақдим этилаётган талабномалар сифатини ошириш, хусусан, талабномаларни тўғри тузиш, топшириш, улар бўйича иш юритиш масалалари юзасидан фикр ва тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Семинарда “ip.adliya.uz” тизими орқали интеллектуал мулк объектларида талабномаларни шакллантириш тартиби”, “Патент олиш учун талабнома топшириш", "Талабномаларни экспертиза жараёнларидан ўтказиш", "Саноат намунасини ҳуқуқий муҳофазаси, талабномаларни топшириш ва экспертизасини олиб бориш" мавзуларида маърузалар қилинди.
Шунингдек, суҳбат давомида тингловчилар янги “ip.adliya.uz” тизимидан самарали фойдаланиш, ушбу тизим орқали талабнома топширишнинг алоҳида жиҳатлари бўйича кўникмага эга бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА