Термиз давлат университетида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Профессор-ўқитувчилар иштирок этган семинарда Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”га фармони мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ходимларнинг рўйхатга олиш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш ҳақида фикр алмашилди.

Мамлакатимизда жорий йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири бўлиб ўтади. Фармоннинг 8-бандида барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, олий таълим муассасалари ходимлари, талабалари 2026 йилнинг 15 январидан 31 январига қадар бўлган муддатда census.stat.uz портали орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиши белгиланган. Айни пайтда вилоятда мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Семинарда тажрибали мутахассислар қатнашчиларга census.stat.uz порталидан фойдаланиш ва шахсий маълумотларни киритиш тартиби, рўйхатга олишнинг биринчи босқичида (интернет орқали ўзини-ўзи рўйхатга олиш) юзага келиши мумкин бўлган техник масалалар ва уларни ҳал этиш йўллари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг давлат иқтисодий стратегиясини белгилашдаги аҳамияти хусусида фикр алмашди.


Машғулот якунида муҳим жараённи тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар билдирилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири