Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профессор-ўқитувчилар таълим жараёнининг “Локомотив”лари бўлиши керак
10:38 / 2021-09-06

Президентимиз ёшлар камолоти ҳақида тўхталиб, “агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради.

Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”, дея алоҳида таъкидлаган эди.  

ИИВ Академиясида янги ўқув йили муносабати билан ўтказилган тадбир соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш истиқболлари, бу борадаги муҳим ва устувор вазифаларга бағишланди.  

Сир эмаски, сўнгги йилларда келажагимиз ворисларининг муносиб билим олиши, ўз орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилиб, ёшлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этишнинг самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилди. Бу эзгу ишлар самараси ўлароқ, ёшларимиз замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топмоқда.  

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги глобаллашув шароитида юқори билим ва малакага эга, рақобатбардош кадрларга барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида жойларда вазирлик академик лицейлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда “Темурбеклар мактаби” Нукус ҳарбий-академик лицейи ташкил этилиб, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш жараёни такомиллаштирилди. Академиянинг кундузги таълимига мазкур ўқув масканлари битирувчилари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг қабул қилинаётгани таълим самарадорлигини янада ошириш имконини бермоқда.  

Жорий ўқув йилидан бошлаб ўқув масканида давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида икки босқичли олий таълим йўлга қўйилди. Янги тизимга кўра, эндиликда кадрлар тайёрлаш икки – бакалавриат ва магистратура йўналишида амалга оширилади.  

Шунингдек, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ Академиясининг таклифлари асосида ўзига хос ёндашувлар амалиётга татбиқ этилди. Ўқув жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик ҳузуридаги соҳавий хизматларнинг ихтисослаштирилган кафедраларга амалий ва методик ёрдам кўрсатиб бориши йўлга қўйилди. Мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва курсантларидан иборат ўқув тергов-тезкор гуруҳлари Тошкент шаҳрида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса жойига чиққан ҳолда амалий кўникмаларини шакллантириб боради. Бундан ташқари, курсантларнинг базавий амалиёти пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Яшнобод туманлари бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, ички ишлар бўлимлари, уларнинг таркибидаги соҳавий хизматлар ҳамда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида ташкил этилади.

Ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари томонидан ҳар ойда камида бир маротаба Академия бакалавриатининг тегишли ҳудуддан жамланган курсантлари, магистратура тингловчилари ва ихтисослаштирилган кафедралар профессор-ўқитувчилари билан ҳудуднинг криминоген вазияти ҳамда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг долзарб масалалари бўйича онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказиб борилади. Шунингдек, вазир ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳар ойда камида бир маротаба магистратура тингловчилари билан олиб борилаётган ўқув машғулотларида бевосита иштирок этиб, таълим мазмунининг амалиёт билан узвийлигини таъминлашга ҳисса қўшади.  

– Бугун Янги Ўзбекистонда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда, – деди Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Даврнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун профессор-ўқитувчиларимиз “таълим жараёнининг локомотив”лари сифатида ўқув-тарбия жараёнини мутлақо янгича ёндашув асосида олиб боришлари зарур. Курсант ёшларимизнинг билими, жанговар-жисмоний тайёргарлиги, дунёқараши, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш энг устувор вазифамизга айланмоғи лозим.

Тадбирда Иқтидорли курсантлар кенгашининг фаол аъзолари ҳам сўзга чиқиб, ўз тенгдошларини яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, фақат ва фақат билим чўққиларини эгаллашга даъват этди.

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси ахборот хизмати  

мутахассиси, капитан