Буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсоният тарихида беқиёс ўрин эгаллаган, дунёни бошқарган, Темурийлар олтин даврининг пойдеворини қўйган Амир Темур (1336–1405) шахсиятига бўлган қизиқиш Соҳибқирон яшаган замоннинг ўзидаёқ бошланган ва ҳеч қачон сусаймаган.

Буюк бобомиз ҳақида кўплаб илмий, адабий ва бадиий асарлар яратилган. Аммо улар орасида холис ёндошилган ишлар билан бир қаторда, бир ёқламали, субъектив тадқиқотлар ҳам мавжуд. Барча хорижлик олимлар ҳам Амир Темур шахсиятига адолатли баҳо берган, дейиш қийин. Шу маънода чин олим сифатида Соҳибқироннинг инсоният олдидаги тенгсиз хизматларини тўғри англаган ва холис баҳолаган профессор Исмоил Ака халқаро темуршуносликнинг йирик ва нуфузли намояндаларидан бири саналади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти маълумотларига кўра, у 1970-йиллардан Туркияда темурийлар тарихи бўйича илмий мактаб пойдеворини қўйган, 10 дан ортиқ фан докторларини тайёрлаган олимдир.
Мустамлака-совет даврида Амир Темур шахсияти ёлғон ва бўҳтонлар билан ёритилган бир пайтда, Исмоил Ака Соҳибқирон ҳақида бир қатор илмий асарлар яратган ҳамда кўплаб шогирдлар етиштирган.
Унинг “Темурийлар — Ўрта Осиёнинг ёрқин даври” (Timurlular Orta Asya'nın Parlak Devri), “Мирзо Шоҳрух” (Mirza Şahruh), “Турон султони Темур” (Turan Sultanı Timur) каби асарлари Туркия тарихшунослигида Амир Темур шахсиятига нисбатан янгича ва холис ёндашув шаклланишига туртки берган.
Шунингдек, Исмоил Ака тайёрлаган мутахассислар АҚШ, Германия ва Эрон каби давлатларда фаолият юритаётган етук темуршунос олимлардир.
Исмoил Ака ўз тадқиқотларида Амир Темурни буюк ҳукмдор, моҳир саркарда, узоқни кўра билган сиёсатчи, халқ ҳимоячиси, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида ёритган. Унинг таъкидлашича, Соҳибқирон шаҳарларни обод қилган, меъморчилик иншоотларини барпо эттирган, деҳқончиликни ривожлантиришга, савдо-сотиқни жонлантиришга ва карвон йўлларининг хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратган. Энг муҳими, у сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзбек давлатининг қудратини юксалтирган.
Бир сўз билан айтганда, профессор Исмоил Ака — Амир Темур ва Темурийлар меросини илмий жиҳатдан қайта тиклашда улкан хизмат кўрсатган, камтар ва ватанпарвар алломадир.
Яқинда Тарих институти илмий кенгашининг йиғилишида институтда “Фахрий профессор” унвони таъсис этилди. Ушбу унвоннинг илк эгаси этиб атоқли темуршунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Исмоил Ака танланди.
Н. Усмонова, ЎзА