Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ва Европа Иттифоқи ташаббуси билан 15 март куни “Профессионал таълим кўникмаларини ривожлантириш стратегияси ва сифатни таъминлаш асослари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур анжуман ЕИ томонидан молиялаштирилган – “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” грант лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда 21 та вазирлик ва идоралар масъуллари, тегишли тармоқ кенгашлари котиблари, халқаро экспертлар ҳамда лойиҳани амалга ошириш гуруҳи иштирок этди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилда касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашган профессионал таълим тизими ташкил этилди.
Ушбу тизимда ҳозирги кунда иқтисодиёт тармоқлари талаблари ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида 400 минг нафардан ортиқ ўқувчилар таҳсил олмоқда. Улар орасида хотин-қизлар ва ишсизлар тоифасига кирувчи шахслар ҳам касб-ҳунарга жалб қилинмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўткир Алижонов семинарда нутқ сўзларкан, у ЮНЕСКО ва бошқа хорижий ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда миллий малака тизими жорий қилинаётгани, касбий кўникмаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Лойиҳа ҳақида маълумот берсак, “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” грант лойиҳаси 2020 йилда ишга туширилган. ЕИ 2020-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм, Бухоро ҳамда Сурхондарё вилоятларида мазкур ҳаракатни амалга ошириш мақсадида 9,6 миллион евро маблағ ажратган.
Бундан мақсад – барқарор, диверсификацияланган ва модернизация қилинган қишлоқ хўжалигида юқори маҳсулдорликка эришиш учун тегишли кўникмаларга эга бўлиш ва бу орқали қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш.
Семинарда зарурий малака ва касбий кўникмаларни шакллантириш учун халқаро экспертлар билан биргаликда профессионал таълим тизимини ривожлантиришда стратегиялар ишлаб чиқиш, бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
– Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда профессионал таълим стратегиясининг ривожланишига, қишлоқ жойларда иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни енгиллаштиришга хизмат қилишига ишонаман, – деди ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис. – ЮНЕСКО, БМТнинг таълим соҳасидаги ваколатли агентлиги сифатида соҳадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Семинарда, шунингдек, миллий профессионал таълим кўникмаларини ривожлантириш стратегияси ва сифатни таъминлаш рамкаси лойиҳалари бўйича тақдимотлар қилинди.
[gallery-6164]
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири