Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, турли касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлашда профессионал таълим муассасаларининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам мамлакатимизда мазкур таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган 67 та профессионал таълим муассасасида 30 минг 750 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда, касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Бунинг учун зарур барча шароитлар яратилган, муассасаларда иш олиб бориш учун малакали педагог ва мутахассислар жалб этилган.
Жорий ўқув йилидан Андижон вилоятидаги профессионал таълим тизимида таълим олаётган ёшларни пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишишларини таъминлаш мақсадида “Назариёт ва амалиёт бир масканда” тизими йўлга қўйилади.
[gallery-8859]
Ушбу тизим асосида профессионал таълим муассасалари ўқувчиларини йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқариш ташкилотларга бириктириш, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг, ўқувчи ушбу ташкилотларда иш фаолиятини олиб бориш тизими йўлга қўйилмоқда. Ушбу тизим доирасида ҳозирга қадар 13 минг 403 нафар профессионал таълим муассасаси ўқувчиси вилоятдаги 243 та иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасага бириктирилди. Ушбу корхоналарда ўқувчиларнинг ўқиб, таълим олиши учун алоҳида ўқув хоналари ташкил этилди.
Бундан ташқари, таълим жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида ўқув режаларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, дарс ва машғулотлар жадваллари ишлаб чиқариш жараёнига мослаштирилди. Янги тизим асосида ўқувчиларга ойлик маош тўлаб борилади. Эндиликда ўқувчилар ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш билан бирга, ишлаб, даромад топиш имконига эга бўлади.
Профессионал таълим соҳасига жорий этилаётган янги тизим келгусида албатта, ўзининг ижобий самараларини беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА